2013-03-29 19:33:00

“МАТБУОТ ТАРҚАТУВЧИ” — ОБУНАГА КЎМАКЧИ

Миллий матбуот марказида босма оммавий ахборот воситаларини аҳолига арзон ва тез етказиб беришда белгиланган чора-тадбирлар, қулай шарт-шароит яратиш ва хизмат кўрсатиш сифатини такомиллаштириш масалаларига бағишланган тадбир  ўтказилди.

«Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган анжуманда Республика аҳолиси, шу жумладан, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, иродаси бақувват, иймони бутун қилиб тарбиялаш, жамоатчилик ва халқимиз ўртасида маънавий-маърифий фаолиятни юксак даражага кўтариш, ёшларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун ОАВ, шу жумладан, босма вақтли нашрларнинг аҳамияти катта эканлиги таъкидланди. Табиийки, бу омил матбуот нашрларини ишлаб чиқарадиган, манзилларга етказиб берадиган ва тарқатадиган ташкилот ҳамда идоралар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Бу борада компания томонидан босма ОАВни тарқатиш тизимини янада такомиллаштириш, обуна каталогига киритилган нашрларнинг нархини пасайтириш борасида ва хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 13 сентябрдаги «Вақтли матбуотни тарқатиш корхоналари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ «Матбуот тарқатувчи» ва «Матбуот тарқатиш маркази» ёпиқ акциядорлик жамиятлари негизида ягона «Matbuot tarqatuvchi» акциядорлик компанияси ташкил этилди.

— Тизимни ривожлантириш мақсадида “2011-2014 йилларда вақтли нашрларни тарқатиш тармоғини замонавийлаштириш ва хизматларнинг янги турларини жорий этиш Дастури” қабул қилинди, — деди “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компанияси  бош директорининг ўринбосари Бахтиёр Кубеев. — Дастур доирасида тизим корхоналаридаги мавжуд «Матбуот» киоскларининг 687 таси жорий ва 181 таси капитал таъмирланди, маркетинг тадқиқотларига асосан аҳоли гавжум жойларга 88 та янги киосклар, шунингдек, Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларига янги типдаги киоскалардан 71 таси жойлаштирилди. Вақтли матбуот нашрларини муштарийларга тарқатишда компания 14 та вилоят почта алоқаси филиаллари, «Халқаро почтамт» филиали, барча туман почта боғламалари ва алоқа бўлимлари билан ҳамкорлик қилмоқда.              

Таъкидлаш лозимки, 2013 йил обуна мавсумини уюштиришда янада қулайлик яратиш мақсадида аҳоли гавжум жойларда ўрнатилган 840 та “Матбуот” киоскалари орқали матбуот нашрларига обуна қилиш ишлари ташкил қилинди, “Матбуот” киоскалари сотувчилари обуна уюштириш билан боғлиқ барча ҳужжатлар, обуна бланкалари ва каталоглар билан таъминланди. Компанияда веб-сайтдан фойдаланган ҳолда даврий нашрларга интернет орқали обуна қабул қилиш йўлга қўйилди. Тизимда обунанинг бориши бўйича он-лайн маълумотларини олиш имкони яратилган.

Республикамизда бугунги кунда барча тўлов турлари бўйича пластик карточкалардан кенг миқёсда фойдаланиш йўлга қўйилган. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида компания шахобчаларида ҳам терминаллар сони 224 тага кўпайтирилди. Компания фуқароларнинг бадиий адабиётлар ва бошқа ўқув қуролларига бўлган эҳтиёжини қондиришга ҳам хизмат қилмоқда. Чакана савдо тизимида ўтган йиллар давомида 134 номдаги китоблар савдога чиқарилган бўлса, бугунги кунда 1400 га яқин ҳар хил турдаги китоб маҳсулотлари тармоқ киосклари орқали сотувга қўйилган.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларига компания мутахассислари томонидан батафсил жавоб берилди.

Ғанишер ТОҲИРОВ,

“Туркистон-пресс”