2014-09-22 15:52:00

“BOEING-787 DREAMLINER” САМОЛЁТИДАН ФОЙДАЛАНИШ БЎЙИЧА ТАҚДИМОТ ЎТКАЗИЛДИ

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясида “Боинг”корпорацияси мутахассислари иштирокида “Boeing-787 Dreamliner” самолётидан фойдаланиш” мавзусида семинар бўлиб ўтди, деб хабар берди авиакомпания ахборот хизмати.

Тадбирда “Boeing” компаниясининг савдо-сотиқ бўйича минтақавий директори Д. Л. Миллер тақдимот ўтказди ва “Boeing-787 Dreamliner” самолётининг имкониятлари ҳақида қатнашчиларга кенг маълумот берди.

Тақдимотни ўтказишдан асосий мақсад эса самолёт Ўзбекистонга келгунига қадар авиакомпаниянинг учувчи, муҳандис ва бошқа мутахассислардан иборат таркиби мазкур ҳаво кемасидан фойдаланиш бўйича барча маълумотларга эга бўлиши керак. Шуни инобатга олган ҳолда Ўзбекистондаги “Боинг” компанияси вакили А. Орник ва бошқалар авиакомпания ходимларига ушбу ҳаво лайнери ҳақида муҳим маълумотларни тақдим этишди.

Семинарда Учиш мажмуаси ходимлари — учувчилар таркиби ва борт ходимлари, “Uzbekistan Airways Technics” авиамуассасаси, “Тошкент” халқаро аэропорти, Ахборот технологиялари бошқармаси ходимлари иштирок этишди. Улар мутахассислардан “Boeing-787 Dreamliner” ҳақидаги барча саволларга тўлиқ жавоб олдилар.

Қайд этиш керакки, “Boeing-787 Dreamliner” самолёти 2016 йилдан миллий авиакомпания авиапаркидаги ҳаво лайнерлари қаторига келиб қўшилади.

“Туркистон-пресс”