2014-09-26 14:25:00

ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ТАЪЛИМ ИСЛОҲОТИГА БАҒИШЛАНДИ

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда катта ёшлилар таълими: ислоҳотлар ва истиқболлар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманга Германия, Сербия, Лаос каби давлатлардан, шунингдек, мамлакатимизда шу соҳа ривожига ҳисса қўшаётган 112 нафар делегат ташриф буюрди. Улар катта ёшлилар таълими билан шуғулланувчи давлат, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакилларидир.

Конференция очилиш маросимида сўзга чиққанлар катта ёшлилар таълимининг бугунги кунда аҳамияти ва унга қаратилаётган эътибор ҳақида гапирдилар. Шунингдек, ҳозирги кунда Ўзбекистонда таълимга қаратилган ислоҳотлар, бу таълим турларининг имкониятлари табора кўпайиб бораётгани, коллежлар қошида катта ёшлиларни ўқитиш марказлари фаолият кўрсатаётгани, малака ошириш марказлари фаолияти, инклюзив таълим ва ногиронларни касбга тайёрлаш бўйича ўтказилаётган тадбирлар ҳақида маълумот беришди.

Тадбирда Ўзбекистонда таълим соҳасининг ривожланиши, бунинг учун техник базанинг мавжудлиги ҳамда нодавлат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш борасида қилинган ишлар юқори баҳоланиб, Катта ёшлилар таълимини янада ривожлантириш мақсадида 2013-2017 йиллар учун миллий ва халқаро экспертлар томонидан таълим секторини ривожлантириш режаси ишлаб чиқилгани таъкидлаб ўтилди.

Конференция Низомида мазкур таълим билан шуғулланишни, унинг давомийлигини таъминлашни, уларда таълим олувчиларга керакли малака ва кўникмаларни эгаллашга ёрдам беришни мақсад қилган.

Куннинг иккинчи қисмида анжуман ўз ишини кичик гуруҳларда давом эттириб, унда гуруҳлар “Катта ёшлилар таълимининг имкониятлари”, “Катта ёшлилар таълимининг сифати” ва “Ижтимой ҳамкорлик” деб номланди ҳамда шу йўналишлар бўйича гуруҳлар ўз лойиҳаларини тақдим этдилар.

Ялпи мажлислардаги маърузалардан сўнг савол-жавоблар ва таклифларга ўрин берилиб, унда мамлакатимиз ва халқаро тажрибаларга суянган ҳолда таълим ҳолатини яхшилашда инновацион ечимларга келинди ва концепцияни такомиллаштириш доирасида тавсиялар берилди.

Наргиза АСАДОВА,

“Туркистон-пресс”