2013-04-02 16:57:00

БЎЛАЖАК ОФИЦЕР — ЎЗ МАКТАБИ ЎҚУВЧИЛАРИ ҲУЗУРИДА

Мингбулоқ туманидаги 30-умумтаълим мактабида бу тадбирга анча пухта ва узоқ тайёрландилар. Айниқса, Зулхумор Қўқонова раҳбарлигидаги 9-синф ўқувчилари ҳаяжонда эдилар. Чунки улар тез орада мактабни битириб, касб танлашдай мураккаб вазифани ҳал этишларига тўғри келади.

Хонага чиройли ҳарбий кийимлари ўзига ярашган, гавдали, келишган йигит кириб келганда ҳамма қарсак чалиб юборди. Меҳмон кўпчиликка таниш ҳам эди. Сабаби — бир неча йил илгари шу мактабда ўқиганди. Айни пайтда эса Аҳмаджон Туробов Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик ҳарбий билим юртининг учинчи босқичида таҳсил олмоқда.

— Қадрли мактабдошлар, касб-ҳунарнинг яхши-ёмони бўлмайди, — деди у ўз сўзида. — Муҳими, халққа, юртга, оилангизга фойдангиз тегса бўлгани. Мен ҳам ўз ҳаётимни Ватан ҳимоясига бағишлаш мақсадида офицерлик касбини танладим. Билим юртимизда таълим-тарбия олиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Сизларни ҳам ҳарбий мутахассис бўлишга чорлайман.

Учрашувда қатнашган ўқувчилар биринчи навбатда ҳарбий хизматнинг ўзига хос томонлари ҳақида саволлар бердилар. Жавоблардан қониқиш ҳам ҳосил қилдилар. Айрим битирувчилар ўзлари танлаган касблар ва уларни эгаллаш учун нималар қилмоқчи эканликларини баён этдилар.

Мактаб директори Неъматулла Жалиловнинг айтишича, мазкур билим масканида ўқувчиларни касбга йўналтиришга катта эътибор берилаётир. Яқин ҳафталар ичида мактабнинг собиқ ўқувчиси бўлган шифокорлар, муаллимлар, тадбиркорлар, фермерлар, ҳунармандлар билан ҳам худди шундай учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

                                                                                              Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

                                                                                              “Туркистон-пресс”