2014-10-08 13:24:00

НЕФТ-ГАЗ ҚАЗИБ ОЛИШ ҚУДУҚЛАРИНИ ИШЛАТИШНИНГ ЯНГИ УСУЛИ

Мамлакат иқтисодиётида нефт-газ саноати етакчи тармоқларидан биридир. Айнан мустақиллик йилларида соҳада амалга оширилган туб ўзгаришлар самарасида 2013 йилнинг ўзида 2,8 миллиард АҚШ долларидан зиёд инвестиция ўзлаштирилди. Бу прогноз кўрсаткичлардан 11 фоизга кўп деганидир.

“Муборакнефтгаз” унитар шўъба корхонаси вакиллари яқинда нефт-газ қазиб олиш қудуқларини ишлатишнинг янги усулини ихтиро қилишди. Мазкур ихтиро Ўзбекистон нефт-газ саноати муваффақиятларида муҳим аҳамиятга эга дейиш мумкин.

Янги усул қатламни перфорация қилиш, насос-компрессор қувурларини (НКҚ) тушириш, конга газ киритиш ва нефтни газлифт билан қувурли бўшлиқ бўйича олишдан иборат. Бу шуниси билан фарқланадики, қатлам усти чуқурлигида жойлашган насос-компрессор қувурлари бошмоғи устига насос ўрнатилади. Насос устида насос-компрессор қувурларида қувурли ва қувурдан ташқари бўшлиқни улаш учун манжетли ажратувчи клапан жойлаштирилади. Бунда газ қувурдан ташқари бўшлиққа ҳам  киритилади.

Айни пайтда Исмоил Дивеев, Ислом Беков, Шермат Шамсиев, Алишер Мустафоев, Ғайрат Оллобердиев, Тўймурод Бекматов, Улуғбек Раҳимов, Равшан Қурбонов, Илмира Янгалиева, Эмил Фахрутдинов ва Вазира Кужбанованинг мазкур ихтиросига ИАП 04935 рақамли давлат патенти берилди.

“Туркистон-пресс”