2014-10-21 15:23:00

“CHEVROLET COBALT” — РОССИЯДА ЭНГ ОММАБОП АВТОМОБИЛЬ

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “Chevrolet Cobalt” автомашинаси россиялик автоишқибозлар орасида энг оммабоп автомобиллардан бирига айланди. Бу ҳақда “General Motors Russia” фирмаси бош директори Сергей Лепнухов Парижда бўлиб ўтган “Mondial de Automobile — 2014” халқаро тадбирда маълум қилди.

У Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “Chevrolet Cobalt” автомобили ҳақида гапирар экан, яқиндагина Россия бозорига кириб келганига қарамай, ҳозирда кўпчиликнинг севимли автомобилига айланганини таъкидлади.

— Мазкур автомашина ихчам ва жуда қулай машиналар сирасига кириб, Россия автобозорида шундай вариантдаги автомашиналар орасида рақобатбардошлиги билан ажралиб туради, — деди С.Лепнухов. — Автомобилнинг янгича 6 поғонали узатувни бошқариш қобиғи бўлиб, бу имконият бошқа автомобилларда мавжуд эмас. Бу қулайлиги уни юқори класс автоларига тенглаштиради.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомашиналарнинг юқори сифати ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Уларнинг сифат даражаси “General Motors”нинг Америка Қўшма Штатлари, Россия Федерацияси, Осиё давлатларидаги ва бошқа корхоналарида тайёрланаётган автомобиллардан асло қолишмайди, деб хабар берди ZIV.ru портали.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда 2012 йилнинг сентябрь ойидан ишлаб чиқарила бошланган “Chevrolet Cobalt” бугунги кунда хорижий авто бозорларида харидорларга манзур бўлмоқда.

“Туркистон-пресс”