2013-04-06 15:37:00

ФЕРМЕР АЁЛЛАРИМИЗ ЖАСОРАТИ

Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Маржона-Моҳидил-Ойдина” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Барнохон Мирзамовани нафақат вилоятда, балки водийда кўпчилик яхши билишади.

Дастлаб 54 гектар ер майдонида 1 дона трактор билан иш бошлаган фермер хўжалиги хўжалик ишчиларининг унумли меҳнатлари, оқилона саъй-ҳаракатлари натижасида ҳозирда 100 гектар ерда ғалла ва пахтадан мўл ҳосил етиштирмоқда.

— Биз асосан уруғлик пахта ва ғалла етиштирганимиз учун ҳам ўз ишимизга жиддий ёндашамиз, — дейди Б.Мирзамова. — Айниқса, агротехник тадбирларни ўз вақтида, тўғри амалга ошириш мўл ҳосил гаровидир. Кейинги йил ҳосили, эл-юртимиз ободлиги бизнинг бугунги меҳнатларимизга боғлиқ эканлиги доимо ёдимизда туради.

Хўжалик ўтган йилги фойдадан 10 йил муддатга имтиёзли кредит асосида қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олди. Ҳозирда фермер хўжалигидаги техникалар сони 7 тага етди. Шунингдек, фермер даласида янги шийпон қурилди. Бу эса ишчиларга қўшимча қулайлик яратади. Бундан ташқари қорамол, товуқ ва қўй боқиш йўлга қўйилиб, ёрдамчи хўжалик ташкил этилди. Бу ерда етиштирилаётган сут, гўшт ва тухум маҳсулотлари хўжалик аъзоларининг эҳтиёжлари учун ишлатилади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мазкур фермер хўжалигида 80 нафарга яқин қишлоқ аҳли меҳнат қилишади. Улар ўзлари учун яратилган шарт-шароитлардан мамнун.

— Бу ерда меҳнат қилиб, кам бўлмаяпмиз, — дейди “Маржона-Моҳидил-Ойдина” кўп тармоқли фермер хўжалиги механизатори Адҳамжон Ҳошимов. — Даромадимиз ўзимизга етарли. Кундалик эҳтиёжларимиздан орттириб, йиғиб қўйган маблағимизга оилавий бизнесимизни очмоқчимиз.

Дарҳақиқат, юртимизда фермер хўжаликлари ривожига қаратилаётган улкан эътибор ва яратилган шарт-шароитлар туфайли бугун халқимиз дастурхони тўкин, оиласи обод бўла бормоқда. Барнохон Мирзамова сингари тадбиркор-фермер аёлларимизнинг кўплиги эса фаровонлигимизга янада файзу барака бағишлайди.

“Туркистон-пресс”

Суратда: Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Маржона-Моҳидил-Ойдина”

кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Барнохон Мирзамова