2014-11-12 12:30:00

ИССИҚЛИК ЎТКАЗУВЧАНЛИКНИ АНИҚЛОВЧИ МОСЛАМА

Юртимизда ишлаб чиқариш суръатлари тобора ривожланаётган бир вақтда мавжуд тизимларга янгиликларнинг жорий этилиши соҳа тараққиётига хизмат қилмоқда. Яқинда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти мутахассислари россиялик ҳамкасблари билан биргаликда деформацияланган материалларнинг иссиқлик ўтказувчанлигини аниқлаш учун қурилмага оид фойдали модель ишлаб чиқди.

Мазкур модель иссиқлик-физик тадқиқотларда фойдаланилади. Шу жумладан, деформацияланувчи материаллар, масалан, газламалар (габардин, чит, пахта, ватин, синтепон)нинг иссиқлик ўтказувчанлигини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга. Унинг тузилишига эътибор берилса, қурилма таркибига газлама намунасини ўрнатиш учун мўлжалланган совитиш қурилмаси ва иситгич билан таъминланган герметик корпус киради. Унда синов ўтказилаётган намуна билан алоқага киришадиган ҳарорат ва ҳаво оқимини ўлчаш қурилмаларига эга. Корпус ўртасида рамани ўрнатиш учун ўйиқ бўлиб, рамага симдан, қармоқ ипидан ясалган, газлама намуналарини жойлаштиришга мўлжалланган тўрлар тортилган. Тўрларда ҳарорат ва иссиқлик оқими қурилмалари ўрнатилган.

Корпуснинг усти ва остида эгри чизиқли ясовчиси бўлган кесик конус кўринишидаги тешиклар мавжуд. Бу тешикларга корпуснинг ташқи томонидан тепада совитиш қурилмаси, пастда иситгич уланган. Улар фенлар кўринишида бажарилган. Фенлар электрон ваттметрлар билан таъминланган. Натижада деформацияланувчи материалларнинг иссиқлик ўтказувчанлигини белгилаш аниқлигини оширишга эришилади.

Мазкур фойдали моделга ФАП 00950 рақамли давлат патенти берилди.

“Туркистон-пресс”