2013-04-12 16:27:00

БЎЛҒУСИ ҲОСИЛНИ АСРАШ ЙЎЛИДА

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган барча ҳосилни заракунандалардан ҳимоя қилган ҳолда талофатсиз хирмонга йиғиштириб олиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Айни шу мақсадда Ғузор туманида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тегишли қишлоқ хўжалиги ташкилотлари билан ҳамкорликда “Чигирткага қарши кураш тадбирини ташкил этиш ва самарали  амалга ошириш” мавзусида кўргазмали махсус тактик ўқув машқи ўтказди.

Мазкур кўргазмали махсус тактик ўқув машқи икки босқичда — назарий ва амалий қисмларга бўлинган ҳолда ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу кўргазмали махсус тактик ўқув машқининг аҳамияти, ундан кўзланган мақсад ҳақида атрофлича сўз юритишди. Жумладан, Республика ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимё  маркази директори Р. Очилов, Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий — тадқиқот институтининг чигирткаларни ўрганиш лабараторияси мудири, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Ф.Ғаффоров, вилоят чигирткага қарши кураш хизмати бошлиғи И.Тошевнинг мавзуга оид маърузалари тингланди.

Тадбирнинг амалий қисмида мутахассислар томонидан чигирткага қарши курашиш усуллари, унда ишлатиладиган зарур воситаларни қўллаш бўйича тавсиялар берилди. Зарарланган майдонларда махсус техникалар, мотодельтаплан, “АН-2” самолёти ва қўл пуркагичлар ёрдамида ишлов бериш, техника хавфсизлигига риоя этиш, чигирткалар тухумчалари тарқалган майдонларни аниқлаш, уларни махсус белгилар ёрдамида чегаралаш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, воҳада бу борада зарурий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Жумладан, жорий йилда Қашқадарё вилоятида 80 минг гектар майдонда чигирткага қарши кимёвий ишлов ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бунинг учун зарур препаратлар заҳираси яратилган. Уларни қўллаш зарурати туғилса, мавжуд 30 та трактор ва ОВХ пуркагичи, 100 маторли қўл пуркагичи, 10 та УАЗ УМО пуркагичи (автомашина ёрдамида), 3 та “АН-2” самолёти, 2 та методельтаплан, 11 та сув ташиш техникаси ёрдамида чигиртка тарқалган ҳудудга тезда ишлов бериш имкониятига эгамиз,  дейишмоқда  соҳа вакиллари.

Фарҳод НОРҚУЛОВ,

“Туркистон-пресс”