2014-12-17 15:30:00

КАТТАЛАР ВА ЁШЛАР ЎҚУВ МАРКАЗЛАРИ: ФАОЛИЯТ ТАҲЛИЛИ

Ўзбекистон катта ёшдагилар ва ёшларни баркамол ривожлантириш ассоциацияси томонидан бозор иқтисодиётини ривожлантириш марказида республикамиздаги нодавлат ўқув марказларининг йиллик ҳисоботига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда иштирок этган “Мeri Poppins”, “Korchalon”, “Иффатли келин”, “Norma” “Muruvvat” каби нодавлат ўқув марказлари раҳбарлари, мутахассислари жорий йилги меҳнат фаолияти, йил давомида эришилган ютуқлар,  келгусидаги режалар тўғрисида ҳисобот беришди.

Хусусан, республикамизда фаолият бошлаганига 20 йилдан ошиқ вақт бўлган “Korchalon” ўқув марказида таълим олган ва малака оширган кўплаб ёшлар мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларига кириб ўқишга, катта ёшдаги инсонлар эса ўзи қизиққан соҳада иш топишга муяссар бўлишди. Бу марказда 2013 йилда 60 нафар ёшлар ва кексалар турли йўналишлар бўйича ўқиган бўлса, жорий 2014 йилда ҳам 60 нафар тингловчи олий таълим ва ишлаб чиқаришга йўналтирилди. Бу марказнинг ўзига хос афзаллиги шундаки, унда таълим олган каттаю кичик тингловчилар муқим иш ўринлари билан таъминланиши кафолатланган.

“Norma” ўқув марказида бухгалтерия ҳисоби, ташқи иқтисодий фаолият, молиявий ҳисоб-китоб шакллари, хорижий меъёрлар асосида молия ҳисобини юритиш каби йўналишлар ташкил этилган бўлиб, бу марказда ҳатто бош ҳисобчилик лавозимида фаолият олиб бораётган кадрлар ҳам ўз билим ва кўникмаларини оширмоқда.

Қашқадарё вилоятидаги “Muruvvat” қариялар ўқув маркази 2004 йилда ташкил қилинган. Бу марказда фақат воҳада яшовчи нуроний отахон ва онахонларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб сартарошлик, пазандачилик, тарбиячи, этикдўз каби турли касблар ҳамда компьютер саводхонлиги, интернет бошқаруви каби замонавий йўналишлар бўйича курслар иш олиб бормоқда. Бу курсларда ўқиб чиққан кекса авлод вакиллари нафақадаги бўш вақтларида ўзлари қизиққан касб билан шуғулланиб вақтини мароқли ўтказиш билан бирга, оиласининг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга яқиндан кўмак беришмоқда. Марказ қошида кириб келаётган 2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йилида “Қариялар маркази”ни ташкил этиш  режалаштирилмоқда. Ушбу марказ қошида қариялар учун соғломлаштириш бўлими, “Оталар чойхонаси” ва сартарошхона ҳам очилиши кўзда тутилмоқда.

— Президентимиз томонидан кириб келаётган 2015 йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилингани “Катта ёшдагилар ва ёшларни баркамол ривожлантириш ассоциацияси” аъзоларига ўзига хос масъулият юклайди, — дейди ассоциация раиси, “Иффатли келин” ўқув маркази раҳбари Солиҳа Ниғматова. — Келгусида биз ўз режаларимизни янада сифатли ва самарали қилиб адо этишга, аҳолимизнинг ўқув марказларига бўлган ишончини оширишга, уларнинг иш билан таъминланишига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун фаолиятни ривжлантириш, янги йўналишларни ўйлаб топиш лозим. Бугунги тадбирга йиғилган барча иштирокчилар бу борада ўз таклиф ва мулоҳазаларини ўртага ташлашди ва биз келажакда бу таклифлардан хулоса чиқариб, зарур чора-тадбирларни амалга оширамиз.

Тадбирда иштирок этган журналистлар катта ёшдагилар ва ёшларда тенг ривожлантириш бўйича фаолият олиб бораётган нодавлат ўқув марказлари раҳбар ва мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”