2013-04-12 17:14:00

ИСТИҚЛОЛДАН КУЧ ОЛГАН ФЕРМЕР

Мамлакатимиз мустақиллиги йилларида асрий орзуларимиз ушалиб, ҳаётимиз файзли бўлди. Маълумки, муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар маҳсули, халқимизнинг бунёдкорлик ва яратувчанлик хислатлари, соҳаларда кечаётган кенг қамровли ишлар самараси ўлароқ эришаётган салмоқли натижаларимиз, бугунги фаровон кунларимиз, албатта, мустақиллик шарофатидандир.

Вақт ҳикматидан аёнки, киши ўз умри давомидаги барча ютуқлари, иш фаолияти самарасига ҳамиша ҳалол меҳнати, интилиш ҳамда азму шижоати орқали эришади. Хўжайли туманидаги “Азамат” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Байрамқилич Дадебаев ҳам шундай кишилар сирасидан.

Байрамқилич ака ўз фермер хўжалигини 1993 йилда ташкил қилган. Ўшанда 10 гектар ер майдонида фаолият бошлаган хўжаликда бор-йўғи 3 нафар ишчи хизмат қилар, 3 та техникаси бор эди.

— Ҳозир 212 гектар ер майдонига, 17 та қишлоқ хўжалиги техникасига эгамиз, — дейди фермер хўжалиги раҳбари. — Хўжалигимизда бугунги кунда 54 нафар ишчи-ходимлар хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда тадбиркорлик, хусусан, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, яратилган имкониятлар туфайли кийим тикув, сутни қайта ишлаш цехи, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик каби бир қанча қўшимча тармоқларни ишга туширганмиз.

Кийим тикув цехида 15 нафар тикувчи иш билан таъминланган бўлиб, улар матрас, кўрпа, махсус иш кийимларини тикишади. Шунингдек, хўжаликда 180 бош қорамол боқилмоқда. Бу ердаги ҳар бир соғин сигирдан кунига 18-20 литр сут соғиб олинади. Сутни қайта ишлаш цехида эса қаймоқ, сариёғ, пишлоқ каби 7 хил сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, фермер хўжалигидаги балиқчиликдан йилига 2,5-3 тонна маҳсулот олинади. Қўшимча тармоқ сифатида ташкил қилинган 65 қути асалариларни эса тадбиркор фермер яқинда 100 қутидан зиёдга оширишни режалаштирган. Қолаверса, 50 сотих ерда етиштирилаётган кўчатлардан хўжаликка мўмайгина даромад келиб турибди.

— Авваллари қўй, туя жунлари ташлаб юбориларди. Ҳозир қанчадан қанча қўй ва туя жунлари исроф бўлганлигини эсласам, кўп афсусланаман, — дейди Байрамқилич ака. — 35 та туя боқамиз. Ҳозир туя жунидан тиббиётда фойдаланиладиган белбоғлар тўқишни йўлга қўйганмиз. Маълумки, туя жунидан тўқилган бундай белбоғлар бир қанча касалликларни табиий даволашда жуда фойдали. Шу йили қўй жунларидан гилам тўқийдиган цех очиб, бу ерда ташкил этилган янги иш ўринларига асосан коллеж битирувчиларини ишга олишни режалаштирганмиз.

Байрамқилич Дадебаев билан суҳбатимиз давомида, очиғи, у кишининг тадбиркорлигига қойил қолдик. Бундан ташқари, фермер акамизнинг эл-юрт ободлиги, аҳоли фаровонлиги йўлидаги савобли ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. Ҳар йили “Меҳрибонлик” ва “Мурувват” уйларига ҳомийлик кўмаги кўрсатиб келади. Ўтган йили тумандаги 6 хўжаликка 1 бошдан сигир ҳадя қилганлиги эса фермернинг нақадар жўмардлиги ва сахийлигидан далолат. Байрамқилич акани яхши биладиганлар бу фермерни маърифат ҳомийси сифатида ҳам ҳурмат қилишади. Сабаби, у киши ўқишга иштиёқи баланд, қобилиятли қишлоқ ёшларини доимо қўллаб-қувватлаб келади. Бир нечта кам таъминланган оилалар фарзандларининг олий ўқув юртида ўқиши учун зарур бўлган тўлов-шартнома пулларини ҳам тўлашда беғараз ёрдам берган.

Байрамқилич аканинг тўрт  қиз, бир ўғли ҳам эл суйган фарзандлар бўлиб камол топмоқда. Икки қизи шифокор, бири ҳуқуқшунос бўлса, кенжа қизи ҳозирда олий ўқув юртига киришга тайёргарлик кўрмоқда. Аммо Байрамқилич аканинг бу қизи — чемпион. Шаҳноза болалигидан кикбоксинг билан шуғулланади. У бир неча бор Республика ва Марказий Осиё чемпионлигини қўлга киритган. Ўғли Азамат эса талаба.

Дарҳақиқат, Байрамқилич Дадебаев ана шундай самарали ва савобли меҳнатлари маҳсули ўлароқ, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказилган “Ташаббус — 2013” кўрик-танлови ғолибига айланди.

— Камтарона меҳнатларимизга бундай юксак баҳо берилганидан бошим осмонга етди, — дея ҳаяжонланади Байрамқилич ака. — Муҳтарам Президентимизнинг фермерларни доимо қўллаб-қувватлаб турганлиги, истиқлол йилларидаги янги ислоҳотлар имкониятлари биз каби фермерларга янада куч-ғайрат, иштиёқ ва янги ғоялар бағишлайди. Мен ушбу кўрик-танловда иштирок этиб, жуда кўп фермерлар билан танишдим, уларнинг тажрибаларини ўргандим. Бу кўрик-танлов юртимизда тадбиркорлик ҳаракатининг ривожига алоҳида ҳисса қўшаётганлиги янада қувонарли ҳол, албатта.

Қорақалпоғистонда донғи кетган “Азамат” фермер хўжалигининг яқин йилларда амалга оширилиши мўлжалланган улкан режалари ҳам бисёр. Хусусан, қишлоқда маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларини қуриш кўзда тутилмоқда. Фермер хўжалиги раҳбарининг айтишича, шу ва бошқа режаларнинг амалга ошиши билан бирга яна 30-35 та янги иш ўринлари очилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик, фермерлик ва ҳунармандчилик соҳаларига улкан эътибор қаратилиб, зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу орқали эса жамиятимиз ривож топиб, кўплаб янги иш ўринлари ташкил топмоқда. Демак, турмушимиз ободлиги, оилалар фаровонлиги кун сайин яхшиланмоқда.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс”

Суратда: “Ташаббус — 2013” кўрик-танлови ғолиблари (чапдан биринчи Байрамқилич Дадабаев).

Ҳасан Пайдоев олган сурат