2013-04-17 16:57:00

ОНА ТАБИАТНИ АСРАШГА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Eko Olam” журнали, “Eko Olam Press” газетаси ҳамда “Экология: кеча ва бугун” рисоласининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда “Eko Olam” журнали таъсис этилганига энди икки йил тўлган бўлса-да  у ўз мухлисларини топишга улгургани, айниқса, мактаб ёшидаги ўқувчилар томонидан яхши кутиб олинаётгани, журнал саҳифаларида эълон қилинаётган экология, атроф-муҳит муҳофазаси, она заминни, унинг табиий бойликларини, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсини авайлаб-асрашга қаратилган материаллар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотаётгани таъкидланди.

Бугунги кунда “Eko Olam” журнали экологик йўналишдаги ижтимоий-маърифий, безакли нашр сифатида 2012 йилнинг январидан буён А-4 формат, 40 бет ҳажм, 10300 нусхада бир ойда бир марта рангли саҳифаларда ёш муштарийларга тақдим этилмоқда. Журнал барча касб эгалари, турли ёшдаги ўқувчилар, устоз ва талабаларга мўлжалланган. Экологик муаммоларни ёритишда таҳририят вакиллари турли соҳа ходимлари, жумладан, экологлар, тарихчилар, олимлар, тадқиқотчилар, социологлар ва табиатни муҳофаза қилиш қўриқхоналари ходимлари билан ҳамкорликда фаолият олиб борилади. Журналда чоп этилаётган иқлим ўзгариши муаммолари, олам флора ва фаунасининг ноёб вакилларини кўпайтириш, табиий ресурсларни асраш, муқобил энергия манбаларини турмушга кенг жорий қилиш масалаларига бағишланган мақола ва хабарлар кўпчиликнинг эътиборини жалб қилмоқда.

“Eko Olam Press” нашри эса экологик ижтимоий-маърифий газета бўлиб, 2012 йил январдан чоп этила бошлаган. Ҳозирга келиб ҳажми 16 бетда, ҳафтада бир марта, рангли муқовада ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинмоқда.

— “Eko Olam Press” МЧЖ қошида ташкил этилган экология йўналишидаги журнал ва газетанинг асосий мақсади ҳукуматимиз ҳамда кенг жамоатчиликнинг экологик муаммоларни бартараф қилиш, табиатни асраш, ўқувчиларнинг экологик саводхонлигини ошириш, она табиатга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида олиб бораётган кенг қамровли ишларга ҳисса қўшишдан иборат, — деди “Eko Olam Press” газетаси муҳаррири Азим Суюн. — Она Ватанимиз дунёдаги барча мамлакатлар орасида ўз иқлимининг хилма-хиллиги, табиий ресурсларга бойлиги, табиат манзараларининг гўзаллиги билан алоҳида ажралиб туради. Бу гўзалликлар билан фақат фахрланишимиз эмас, уларни авайлаб-асраш, юртимиз, теварак-олам, Она сайёрамизнинг гуллаб-яшнашига  ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Тадбирда иштирокчилар журнал ва газетанинг ўқимишлилигини янада ошириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”