2013-04-22 12:09:00

ШАНХАЙ КУТУБХОНАСИГА ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИ ВА МАДАНИЯТИ ҲАҚИДА КИТОБЛАР ТЎПЛАМИ ТОПШИРИЛДИ

Шанхай Хорижий мамлакатлар билан дўстлик ассоциацияси ташаббуси билан Хитойнинг Шанхай кутубхонасига Ўзбекистон тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи ўттизга яқин китоблар тўпламини топшириш маросими бўлиб ўтди. Мазкур китоблар “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси томонидан тақдим этилди.

Мамлакатимиз тарихи ва бугунига оид китоблар орасида тўрт юздан ортиқ ажойиб тарихий ва замонавий бадиий суратларни ўз ичига олган “Тошкент: бир шаҳар тарихи” деб номланган нашр алоҳида аҳамият касб этди. Академик Эдвард Ртвеладзенинг Ўрта Осиё ҳудуди маданиятлари, тарихи ва ўзаро алоқалари ҳақида сўзловчи “Марказий Осиё цивилизациялари, давлатлари ва маданиятлари” асари, шунингдек, араб, ўзбек, рус ва инглиз тилларида чоп этилиб, Ўзбекистон меъморий ёдгорликларидаги ҳаттотлик ёзувларининг энг яхши намуналарини ўзида акс эттирган фотосуратлар билан безатилган “Ўзбекистон қадимий меъморий ёзувлари дурдоналари” альбоми, Абу Али ибн Сино, Ал Хоразмий, Абу Райҳон Беруний ва бошқа жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берадиган “Хоразм Маъмун Академияси” энциклопедияси ва бошқа асарлар мазкур тўпламдан жой олган.

“Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси Матбуот хизмати хабарига кўра, мамлакатимизнинг кўҳна маданияти ва анъаналарини ҳамда юртимиз замонавий қиёфасини ўзида акс эттирган “Форумлар жамғармаси Ўзбекистонни намойиш этади” фотоальбоми тадбир қатнашчиларида чуқур таассурот қолдирди. Шунингдек, Шанхай кутубхонасида ўтказилган “Ўзбекистондаги таниқли рассомларининг замонавий асарлари” номли кўргазмада “Ўзбекистон амалий санъати: қадриятлар изчиллиги” рангли нашри, машҳур ўзбек рассоми асарлари кўчирма нусхаларини ўзида жамлаган “Акмал Нур. Санъат асарлари” тўплами ҳам тадбир иштирокчиларининг эътиборини жалб этди.

Шанхай кутубхонаси директори Ву Сзянжон тақдим этилган китоблар учун чуқур миннатдорчилик билдирди. Ву Сзянжоннинг маълум қилишича, мазкур асарларнинг  электрон кўринишдаги нусхаларидан ҳам тайёрланиб ўқувчиларга ҳавола этилади.

“Туркистон-пресс”