2013-04-23 12:20:00

ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ ФАН ЎҚИТУВЧИЛАРИ

Халқ таълими вазирлиги тизимида илғор  тажрибали ўқитувчиларни аниқлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида анъанавий равишда  “Йил ўқитувчиси” кўрик-танлови ўтказилади.

Таъкидлаш жоизки, “Йил ўқитувчиси” танлови мамлакатимизда фидойи, ўз касбининг устаси бўлган педагогларни аниқлаш ва уларнинг ютуқларини оммалаштиришга хизмат қилмоқда. Танловнинг ўтган йиллардаги натижаларига кўра, йилдан-йилга унда иштирок этиш истагини билдирувчи устоз ва мураббийлар сони ошиб бораётир. 

"Йил ўқитувчиси — 2013" кўрик-танловининг республика босқичи кўрик тадбирлари Тошкент шаҳрида ўтказилмоқда. 16-17 апрель кунлари инглиз ва француз тиллари, математика, физика, кимё, рус тили (таълим ўзбек ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар) фанлари ўқитувчилари ўртасида танловлар ўтказилиб, ғолиблар аниқланди.

Жумладан, инглиз тили йўналиши бўйича пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 6-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дилфуза Қодирова, француз тили йўналиши бўйича Юнусобод туманидаги 51-мактаб ўқитувчиси Зумрад Сатторова, математика фани бўйича Мирзо Улуғбек туманидаги 50-мактаб ўқитувчиси Уляма Аракелова, физика фани бўйича Навоий шаҳридаги 11-мактаб ўқитувчиси Самар Жумаев, кимё фани бўйича Бухоро вилояти Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқитувчиси Ҳабиба Қорабоева, рус тили йўналиши бўйича (таълим ўзбек ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар) Тошкент вилояти  Бўка туманидаги 2-мактаб ўқитувчиси Валентина Цойлар ғолиб, деб топилди.

Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабарига кўра, Республика кўрик-танлови 23-24 апрель кунлари Тошкент шаҳрида давом этади ва унда немис, рус тиллари (таълим рус тилида олиб бориладиган мактаблар), тарих, миллий истиқлол ғояси ва иноформатика фанлари бўйича таълим берувчи педагог-мураббийлар аниқланади.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”