2015-02-19 17:30:00

ЁШ ЮНОН-РУМ КУРАШЧИЛАР “УМИД НИҲОЛЛАРИ-2015” ЙЎЛИДА

Хоразм вилояти халқ таълими бошқармасига қарашли 1-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўсмирлар ўртасида юнон-рум кураши бўйича мусобақа ташкил этилди.    

Мактаб ўқувчиларининг нуфузли спорт ўйинлари ҳисобланган “Умид ниҳоллари-2015” мусобақасида қатнашувчи вилоят терма жамоасига номзодларни саралаб олиш мақсадида уюштирилган биринчиликда воҳанинг Урганч шаҳри, Янгибозор, Хива, Гурлан ва Шовот туманларидан ташриф буюрган 60 нафар ёш юнон-рум курашчи беш вазн тоифасида бел олишди.

— Мутахассислар хулосасига кўра, энг яхши деб топилган 8 нафар иштирокчи номзодлар рўйхатига киритилди, — дейди  Хоразм вилояти “Умид ниҳоллари-2015” терма жамоаси бош мураббийи Бекберган Болтаев. — Эндиликда, бу курашчиларимиз бир нечта босқичдан иборат бўлган тайёргарлик жараёнини бошлашади. Кейинчалик  улар орасидан жисмоний, тактик ва техник жиҳатдан устунлигини исботлаган 4 нафари вилоятимиз терма жамоаси сафида мазкур мусобақада қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади. Ишончим комилки, ёш юнон-рум курашчиларимиз ушбу спорт анжуманида муносиб иштирок этиб, шоҳсупадан жой олишади.

Икром  ХУДОЙБЕРГАНОВ,

“Туркистон-пресс”