2015-02-27 18:14:00

ИНКЛЮЗИВ ТАЪЛИМ: СИФАТ ВА САМАРА

Термизда Ўзбекистон Республикаси ҳамда Европа Иттифоқининг “Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим” лойиҳасини жорий этишга бағишланган конференция ўтказилди.

Унда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш бошқармалари, халқаро ташкилотлар экспертлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, алоҳида эҳтиёжли болаларнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази директори В.Алимова ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ёш авлодни чуқур билимли, етук салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялаш, ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Таъкидлаш лозимки,  мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ёш авлодни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишларнинг навбатдаги босқичидир. “Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжли болалар учун инклюзив таълим” лойиҳасида кўзда тутилган асосий мақсад — алоҳида эҳтиёжли болаларга тенг ва инклюзив ёндашувни таъминлаш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш, педагог ва бошқа мутахассислар учун инклюзив таълим усулларини такомиллаштиришдан иборатдир.

Термиз шаҳридаги 3-умумтаълим мактабида 2 минг 300 дан зиёд ўғил-қиз замонавий шароитларда таълим-тарбия олмоқда. Уларнинг 44 нафари алоҳида эҳтиёжли болалардир. Лойиҳа доирасида мазкур таълим муассасаси ресурс маркази сифатида танланиб, алоҳида эҳтиёжли болаларнинг тенгдошлари билан бирга ўқиши учун барча шароит яратилди. Замонавий техник воситалар, электрон дарсликлар билан жиҳозланди.

Тадбир якунида вилоятда инклюзив таълимни татбиқ этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

“Туркистон-пресс”