2013-04-25 13:08:00

БИЛИМ, ҚОБИЛИЯТ ВА ИҚТИДОР НАМОЙИШИ

Тошкентда Мактаб ўқувчилари ўртасида кимё фанидан 47-халқаро Менделеев олимпиадаси очилди.

Ҳар қандай халқ, давлат ва жамият тараққиёти инсон ҳамда унинг манфаатларини ривожлантиришга нечоғли эътибор қаратилаётгани билан чамбарчас боғлиқдир. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз – мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам – буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир. Айнан шу боис чуқур билимга эга баркамол авлодни шакллантириш, янгича фикрлайдиган ва давр билан ҳамқадам юрадиган юқори малакали кадрларни тайёрлаш давлатимиз ёшлар сиёсатининг устувор йўналишларидандир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши мустаҳкамланган. Бу борада давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари, қонунлар қабул қилиниши самарасида ёшларнинг ақлий, жисмоний ва маънавий ривожланиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Моҳиятига кўра ноёб Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг ҳаётга татбиқ этилаётгани юксак натижалар бермоқда.

Истиқлол йилларида таълим соҳасини тубдан янгилаш ва ислоҳ этиш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Қарийб 9,5 мингта мактаб қурилди, капитал реконструкция қилинди ва замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланди, ўқув жараёнини сифатли ва услубий янгилашга доир чоралар кўрилди. 1500 дан зиёд касб-ҳунар коллежи ва академик лицей барпо этилиб, замонавий ўқув-лаборатория, компьютерлар ҳамда ишлаб чиқариш ускуналари билан таъминланди. Айни пайтда Ўзбекистонда ҳар йили таълим соҳасини ривожлантириш ва ислоҳ этиш учун давлат сарф-харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этмоқда. Бу мамлакатимизда мазкур соҳага нечоғли катта эътибор берилаётганидан далолатдир.

Бугунги кунда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, олий ўқув юртларида жаҳон тажрибаси инобатга олинган ҳолда, давлат таълим стандартлари асосида ўқитилмоқда. Таълим муассасаларининг моддий-техника ва ўқув базасини мустаҳкамлаш, ўқув-тарбия жараёнига янги стандартлар, илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий этишга доир кенг кўламли ишлар давом эттирилмоқда. Масалан, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2013/2014 ўқув йилидан бошлаб, мактабларнинг биринчи синфидан хорижий тилларни узлуксиз ўқитиш тизими жорий этилади.

Президентимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътиборга жавобан, ёшларимиз турли халқаро мусобақалар ва фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришмоқда. Истиқлол йилларида мамлакатимиздан 253 нафар ўқувчи турли фанлар бўйича халқаро олимпиадаларда қатнашиб, 21 олтин, 51 кумуш, 90 бронза медали, шунингдек, юздан ортиқ дипломга эга бўлди.

Халқаро жамоатчиликни Ўзбекистонда таълим соҳасида тўпланган тажриба ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, юқори маълумотли, интеллектуал ривожланган авлодни тайёрлашда давлатнинг роли билан кенг таништириш мақсадида 2012 йилнинг 16-17 февраль кунлари Тошкентда Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Унда дунёнинг 48 давлатидан, саккизта халқаро ташкилот ва таълим жамғармаларидан 300 нафарга яқин эксперт иштирок этди. Улар Ўзбекистон тажрибасини ўрганиб, ҳар томонлама баркамол, мустақил фикрлайдиган, ўз қараши, танлови ва қатъий фуқаролик позициясига эга шахсни шакллантиришга қаратилган таълим тизимини ислоҳ қилиш принципларини қўллаб-қувватлади.

Шуниси эътиборлики, жорий йил 24-30 апрель кунлари мамлакатимиз кенг кўламли ва аҳамиятли халқаро интеллектуал мусобақалардан бири – Мактаб ўқувчилари ўртасида кимё фанидан 47-халқаро Менделеев олимпиадасига яна мезбонлик қилмоқда. Бундай тадбирларни ўтказиш бўйича мавжуд тажрибадан келиб чиқиб, мамлакатимизда катта тайёргарлик ишлари амалга оширилди. 2008 йилда Ўзбекистонда кимё фани бўйича 42-халқаро Менделеев олимпиадасининг ўтказилгани бунга ёрқин мисол бўла олади. Иштирокчиларнинг назарий ва тажриба вазифаларини бажариши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, олимпиада доирасида қизиқарли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

24 апрель куни М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиалида кимё фани бўйича 47-халқаро Менделеев олимпиадасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Озарбойжон, Беларусь, Болгария, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва, Македония, Молдова, Россия, Руминия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Украинадан 17 жамоа, олимпиада ташкилий қўмитаси, халқаро ҳайъат аъзолари, экспертлар, дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Тадбирда бундай муҳим воқеанинг яна Тошкентда ўтказилаётгани мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги яна бир эътирофи, давлатимиз раҳбарининг келажак авлодга қаратаётган эътибори ҳамда ғамхўрлигидан далолат экани таъкидланди.

Тадбир иштирокчилари Мустақиллик майдонида бўлиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи – Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди.

Олимпиада уч – иккита назарий ва битта амалий босқичдан иборат. Унда 117 нафар йигит-қиз, яъни кимё фани бўйича миллий олимпиадалар ғолиблари иштирок этмоқда. Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган жамоа мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари ўртасида туман, шаҳар, вилоят ҳамда республика босқичлари саралаш турлари натижалари бўйича шакллантирилди. Олимпиада ғолиблари Москва давлат университети ва бошқа нуфузли олий ўқув юртларига имтиҳонсиз ўқишга кириш имконига эга бўлади.

Сардор Тожиев, ЎзА мухбири,

 ЎзА олган сурат.