2013-04-25 17:51:00

VI ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР, ТЕХНОЛОГИЯЛАР ВА ЛОЙИҲАЛАР РЕСПУБЛИКА ЯРМАРКАСИ ИШ БОШЛАДИ

Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар мажмуида VI Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси очилди.

Ярмарка Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистонда инновацион иқтисодиётни шакллантиришнинг энг муҳим стратегик вазифаларидан бири тармоқлар ва ҳудудлар миқёсида ишлаб чиқаришнинг технологик даражаси ва рақобатбардошлигини ошириш, инновацион маҳсулотнинг ички ҳамда ташқи бозорларга чиқишини таъминлаш, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган иқтисодиёт тузилмасини шакллантиришдан иборат.

Шу вақтгача ўтказилган ярмаркалар доирасида 2000 дан ортиқ инновацион ғоя ва технологиялар намойиш этилиб, умумий молиявий ҳажми 44,7 миллиард сўм бўлган 1545 та шартномалар имзоланган. Инновацияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш натижасида мамлакатимизда 480 миллиард сўмлик янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, 19 янги ишланма асосида серияли ишлаб чиқариш фаолияти бошланди. Шунингдек, 24 та шартнома доирасида маҳсулотларни саноат-тажриба тарзида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Бу йилги ярмарка кўп йиллик тўпланган тажриба асосида ташкил қилинмоқда. Ярмаркада Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги 100 дан ортиқ илмий, илмий-тадқиқот, олий таълим ва тажриба конструкторлик ташкилотларнинг 550 га яқин технология ва ишланмалари намойиш этилмоқда.

Ярмаркада тақдим этилаёган ишланмаларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган маҳсулот ва технологиялар бўлиб, улар ўз сифати ва самараси билан катта аҳамиятга молик.

Ярмарка якунида “Ўзбекистонда инновацион фаолиятни янада ривожлантиришнинг долзарб муаммолари” мавзусида давра суҳбати ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур давра суҳбатида республикада инновация фаолиятини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари муҳокама қилинади, инновация фаолиятини ривожлантиришга хизмат қилувчи инфратузилмаларни такомиллаштириш ва Ўзбекистонда миллий инновация тизимини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

Шунингдек, 26 апрелгача давом этадиган ярмарка доирасида “Қишлок, хўжалиги самарадорлигини оширишга йўналтирилган янги технологиялар ва ишланмалар”, “Ҳудудларни инновацион ривожлантириш муаммолари” мавзусидаги илмий-амалий семинарлар ўтказилади.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”

ЎзА олган суратлар.