2015-03-13 13:47:00

ОЛИЙ ЛИГА: “НАСАФ” ВА “БУНЁДКОР” БИРИНЧИ ТУРДА ҒАЛАБАГА ЭРИШДИ

Жорий йил 12 март куни футбол бўйича мамлакат Олий лига жамолари ўртасида 1-турдан ўрин олган тўрт учрашув якунланди.

Жумладан, Қаршининг “Насаф” клуби ўз майдонида “Андижон”ни қабул қилди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўтган мавсум тўпурари Артур Геворкян учрашувда дублга эришган бўлса, яна бир голга “Насаф” таркибига янги келиб қўшилган Олександр Коблаш муаллифлик қилди.

Тошкентда эса “Бунёдкор” ўз майдонида “Бухоро” жамоасини қабул қилди ва биринчи бўлимда киритилган икки гол эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Кеча бўлиб ўтган “Пахтакор” — “Олмалиқ” ўйинида 1:1 ҳисоби қайд этилган бўлса, Бекободда ўтказилган “Металлург” — “Локомотив” учрашувида нурсиз дуранг — 0:0 қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, турнинг қолган тўрт учрашуви 14 март куни бўлиб ўтади.

Ғанишер ТОҲИРОВ,

“Туркистон-пресс”