2015-03-20 17:02:00

ДЕПУТАТЛАР ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ ЮЗАСИДАН КЕНГ ВА АМАЛИЙ МУҲОКАМАЛАР ЎТКАЗМОҚДАЛАР

Қонунчилик палатаси қўмиталарида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, аҳоли соғлиғи, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда бошқа соҳаларга оид қатор қонун лойиҳалари юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолиятининг сифатини ошириш мақсадида қонун лойиҳалари муҳокамаларига олимлар, мутахассислар, экспертлар жалб қилинмоқда.

Хусусан, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент давлат юридик университети олимлари билан ҳамкорликда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни чеклаш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасининг муҳокамасини ўтказди. 

Қўмита аъзолари Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга тайёрланаётган ушбу ҳужжат юзасидан батафсил маълумот бердилар. Энг аввало, 2011 йилда қабул қилинган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларимизни алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишда, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишда муҳим роль ўйнаб келаётгани алоҳида қайд этилди. 

Шу билан бирга таъкидландики, 2014 йилда мамлакатимизда “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тартибга солишга қаратилган амалдаги қонунлар таҳлили Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим нормаларини такомиллаштириш заруриятини юзага келтирди. Шу сабабли ҳукумат томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклифи берилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичганлик, шунингдек, транспортда чекканлик учун жарима жазосини кўзда тутувчи жавобгарликлар белгиланган. Лекин амалиётда кодекснинг мазкур нормаларини қўллашда айрим мунозарали масалаларга дуч келинмоқда. Шундан келиб чиқиб, иш жойларида алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилганлик учун ҳам жавобгарлик ўрнатиш, мазкур ҳуқуқбузарлик учун “жамоат жойлари”тушунчасини янада аниқлаштириш, тамаки маҳсулотларини жамоат жойларида истеъмол қилганлик, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик ўрнатиш таклиф этилмоқда. 

Тадбир иштирокчилари Кодексга киритилаётган мазкур тузатишлар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилигимиз вазифаларига тўла мос келишини, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга, жамоат тартибини сақлашга, табиий муҳитни, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилганини алоҳида эътироф этдилар. Олимлар ва тадқиқотчилар қонун лойиҳасида назарда тутилган нормаларни янада такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. 

— Қонун лойиҳасининг назариётчи олимлар даврасида муҳокамадан ўтказилиши биз ишчи гуруҳ аъзолари учун кўп жиҳатдан фойдали бўлди, — дейди қўмита аъзоси, депутат Д.Арипов. — Энг аввало, биз маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик, унинг вазифалари, маъмурий жазоларнинг қўлланиши масалаларига оид илмий-назарий жиҳатлар ҳақида кенг маълумотлар олдик. Шунингдек, олимларнинг бир қатор таклиф ва мулоҳазаларини биргаликда муҳокама қилдик. Мазкур муҳокама лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. 

— Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси вакилларининг қонун лойиҳаларини университетимиз олимлари, тадқиқотчилари билан биргаликда муҳокама қилиши қонун ижодкорлиги фаолиятига янгича мазмун олиб киради, — дейди юридик фанлари доктори, профессор Ж.Холмўминов. — Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қонун лойиҳаларини давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларида кенг ва амалий муҳокама қилиш зарурлиги ҳақида алоҳида таъкидлаган эдилар. Чиндан ҳам фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаларининг олимлар, мутахассислар ва экспертлар иштирокида муҳокама қилинишидан ҳаммамиз манфаатдормиз. Бундан ташқари, бугунги муҳокама биз олимлар учун, айниқса, бизнинг илмий тадқиқотларимиз учун ҳам жуда фойдали бўлди. 

Ўта қизғин ва самарали баҳс-мунозаралар асосида ўтган тадбир якунида қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир фикр-мулоҳазалар ва таклифлар умумлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси

Ахборот хизмати