2015-04-17 16:53:00

ФАН ТАРАҚҚИЁТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиали ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан физикаатематика фанининг замонавий усуллари ва уларнинг тадбиқларига бағишланган республика илмий анжумани бўлиб ўтмоқда.

Унда ёш олимлар, мутахассислар, катта илмий ходим-изланувчи ва магистрантларнинг илмий изланишлари атрофлича муҳокама этилмоқда.

Мамлакатимизда физика-математика фанининг устувор йўналишлари бўйича илмий дастурларни амалга ошириш, бу йўналишида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва ёш олимларни соҳага жалб қилиш, етук мутахассислар билан алоқаларни йўлга қўйиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

— Бугунги кунда республикамизда олий таълим муассасаларининг илмий-тадқиқот салоҳиятини кучайтириш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, олий таълим мазмун-моҳиятини такомиллаштириш ва соҳага иқтидорли ёшларни жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда, — дейди ЎзМУ Механика-математика факультети профессори Шокир Қосимов. — Ушбу анжуманда физика-математика фанининг замонавий муаммолари, уларнинг тадбиқлари бўйича олинган илмий натижалар ҳамда мазкур соҳанинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилиниб, соҳа мутахассислари ўзаро фикр алмашмоқда.

Нодира РЎЗИЕВА,

“Туркистон-пресс”