2013-05-07 11:32:00

ИПАК ҚУРТИ БОҚИШГА КИРИШИЛДИ

Қашқадарё вилоятининг “кумуш тола” ижодкорлари пилла парваришини уюшқоқлик билан бошлаб юборишди.

Вилоят “Пилла” ҳудудий бирлашмасидан олинган маълумотларга қараганда, бу йил пиллакорлар томонидан 51400 қути ипак қурти боқилиб, саноат корхоналарига ва экспорт учун жами  3084 тонна “кумуш тола” тайёрлаш таёрлаш режалаштирилган.

Шуни айтиб ўтиш керакки, жорий йилда пиллачиликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги бунга мисол бўлади. Хусусан, соҳада янги тажрибаларни қўллаш бўйича қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилаяпти. Масалан, пахта тозалаш корхоналари  ва уларга қарашли пахта қабул қилиш масканларида йигирмата 50-100 қутидан ипак қурти боқишга ихтисослаштирилган замонавий пиллахона ташкил этилди. Шунинг билан биргаликда, қуртхоналар қошида пиллакорлар учун дам олиш ҳамда маиший ва сервис хизматлари кўрсатиладиган мажмуалар мавжуд. Айни пайтда ушбу қуртхоналарда ипак қурти янги ва илғор тажрибалар асосида боқилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашларича, пилла етиштиришда етакчи куч ҳисобланган фермерлар ва бошқа тажрибали пиллакорлар билан ҳамкорлик қилган ҳолда мавсумга пухта тайёргарлик кўрилди. Яъни, пиллакорлар учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, уларга керакли жиҳозлар — термометр, қоғоз, формалин, бўз каби воситалар етказиб берилди. Айни чоғда бу соҳада ишлаётган ходимларни рағбатлантириш чоралари кўрилаяпти. Ҳозирги пайтга қадар вилоятда пиллакорларга берилиши кўзда тутилган бўнак пулининг 4 миллиард 830 миллион сўми тарқатиб бўлинди.

Фарҳод НОРҚУЛОВ,

“Туркистон-пресс”