2015-04-25 13:58:00

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

2015 йил 24 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил биринчи чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йил 16 январда республика Ҳукуматининг мажлисида белгилаб берилган 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини баҳолашга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда иқтисодиётнинг рақобатбардошлилигини янада ошириш, энг аввало, таркибий қайта ўзгартиришларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, етакчи тармоқларни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни фаол диверсификациялаш ва маҳаллийлаштириш, ривожланган инфратузилмани шакллантириш ҳисобига ошириш, шунингдек, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқлар ва чеклашларни бартараф этиш, аҳолининг иш билан бандлиги даражасини, унинг ҳаёти сифати ва даражасини янада ошириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижалари ҳар томонлама кўриб чиқилди ва чуқур таҳлил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган машҳур беш тамойилга асосланган ва бутун дунёда ислоҳотларнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг эволюцион ва босқичма-босқич стратегияси изчил ва аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда амалга оширилиши туфайли, бугунги кунда жаҳон миқёсида давом этаётган инқирозли ҳолатларга ва қарама-қаршилик кучайиб боришига қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини сақлаб қолиш таъминланаётганлиги қайд этилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми — 7,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми — 6,3 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ортиқ бўлмади.

Истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ички талабни мувозанатли рағбатлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмлари 11,2 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми — 15,2 фоизга ва хизматлар ҳажми — 13,1 фоизга кўпайишига кўмаклашди.

Аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш натижасида жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида 141 мингтадан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди, улардан 88 мингтадан ортиғи ёки 62,6 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида кексаларга зарур эътибор бериш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш бўйича тадбирларни фаол амалга ошириш бошланди. Ушбу тадбирларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан қарийб 593 миллиард сўм йўналтирилди.

Мажлис кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида таркибий қайта ўзгартиришларга, саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диферсификациялашга, тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга йўналтирилган энг муҳим дастурлар ва инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини батафсил таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Амалга оширилаётган фаол инвестиция сиёсати ҳамда саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш жараёнларини жадаллаштириш, ривожланган инфратузилмани барпо этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 8,7 фоизга, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 10 фоизга ўсишига кўмаклашганлиги қайд этилди. 2015 йилги Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 4,8 миллиард доллардан ортиқ бўлган 53 та янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларнинг 430 тадан ортиқ янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Инвестиция фаоллиги ўсиши пудрат қурилиш ишлари ҳажмини 18,9 фоизга кўпайишига кўмаклашди.

Вазирликлар, идоралар, компаниялар, уюшмалар, йирик корхоналар, барча даражадаги ҳокимликлар олдига мамлакат Президенти томонидан жорий йил февраль-март ойларида тасдиқланган таркибий қайта ўзгартиришлар, саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялаш, шунингдек, тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга доир ўрта муддатга мўлжалланган дастурларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

2015-2019 йиллар мобайнида ушбу дастурларга киритилган ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш бўйича умумий қиймати 40,8 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 846 лойиҳани, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси объектлари қуриш ва уларни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 9,8 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 141 та лойиҳани, шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича умумий суммаси 5 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 602 та лойиҳани амалга ошириш, маҳсулотларнинг 1,2 мингтадан ортиқ янги турларини ўзлаштирган ҳолда, иқтисодиётнинг янада ўсиши, таркибий қайта ўзлаштиришларни чуқурлаштириш ва ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, саноатнинг энг муҳим тармоқларини ривожлантиришни янги юқори даражага кўтариш, янада замонавий ва ривожланган инфратузилмани шакллантириш учун мустаҳкам асосни таъминлаши алоҳида қайд этилди.

Мажлисда ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш, уларнинг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини комплекс ривожлантириш дастурларини амалга ошириш ҳолати пухта таҳлил қилинди. Минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурларини амалга ошириш доирасида йил бошидан буён 434 та янги ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилганлиги қайд этилди. Қишлоқ жойларда 169 километр сув қувури тармоқлари, 54 километр газ тармоқлари ишга туширилди, 1,3 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Жорий йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича 12 мингта якка тартибдаги уй-жой қуришни ташкил этиш, шунингдек, уларни зарур муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Ушбу масалани муҳокама қилиш давомида ҳудудларнинг саноат салоҳиятини ошириш ҳудудий дастурларига киритилган инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш ишлари зарур даражада мувофиқлаштирилишини таъминламаган бир қанча вилоятлар ҳокимликлари раҳбарларининг фаолияти танқид қилинди. Улар олдига камчиликларни бартараф этиш ва қолоқликнинг ўрнини тўлдириш, амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари бўйича объектларни ўз вақтида фойдаланишга топширишни таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.

Мажлисда маҳсулот экспорти ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш, маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлилигини ошириш ва экспорт қилишни диверсификациялаш, шу асосда 2015 йилга мўлжалланган экспортнинг прогноз параметрларига эришишни таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини батафсил таҳлил қилишга алоҳида эътибор берилди. Жаҳон бозорларидаги конъюнктуранинг мавҳумлиги ва нобарқарорлиги кучайишига қарамай, экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш ва уларга маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда ҳар томонлама кўмак бериш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш экспорт ҳажмининг 13,9 фоизга ўсишини ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосини таъминлаш имконини берганлиги алоҳида қайд этилди. Йил бошидан бошлаб 146 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, 102 та янги турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш йўлга қўйилди.

Хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги раҳбарларининг эътибори экспорт қилинадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва турларини кенгайтиришнинг мавжуд резервларини аниқлаш ва сафарбар қилиш, шу жумладан, олдин ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган корхоналарни экспорт фаолиятига жалб этиш, шунингдек, экспорт географиясини диверсификациялаш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш зарурлигига қаратилди.

Мажлисда энг кўп даражада қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ҳамда хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликка тўлиқ эркинлик бериш ва уларни рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ишларининг ҳолати ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилинди. Кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар фақат жорий йилнинг биринчи чорагида 8 мингтадан ортиқ янги кичик бизнес субъекти ташкил этилишига кўмаклашганлиги, бу 2014 йилнинг шу давридагига қараганда 10,2 фоизга кўплиги қайд этилди. Кичик бизнес субъектларига 2,8 триллион сўм ёки 2014 йилнинг биринчи чорагидагига таққослаганда 1,3 баробар кўп банк кредитлари ажратилди. Йил бошидан буён хусусий мулкдорларга умумий қиймати 28,3 миллиард сўмлик 55 давлат активи сотилди, шу жумладан, 13 та объект инвесторларга 9,7 миллиард сўмлик инвестициялар киритиш мажбурияти асосида бепул берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, тегишли вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари олдига бизнесни ташкил этиш учун ер участкалари бериш, қурилишга рухсатномалар олиш, тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, тадбиркорлик субъектларини электр тармоқларига улаш, тадбиркорлик субъектларини “бир дарча” тамойили бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиб-қоидаларини такомиллаштиришни жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Адлия вазирлигига бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда хусусий тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишга йўл қўяётган мансабдор шахсларнинг масъулиятини жиноий жавобгарликка тортишгача кучайтириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш ва киритиш топширилди.

2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ барча рухсат бериш тартиб-қоидалари ва бошқа тартиботларни жорий йил охиригача электрон шаклга ўтказишни тугаллаш вазифалари юклатилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, республиканинг йирик корхоналари ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Республика Ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларда 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга оширишни таъминлаш чора-тадбирлари белгиланди.

ЎзА.