2015-04-28 16:39:00

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЭНГ ЯНГИ ТАРИХИНИ ЎРГАНИШНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан “Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўрганишнинг долзарб масалалари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда мустақиллик йилларида Ўзбекистонда тарих фани муҳим ўзгаришларни бошдан кечиргани таъкидланиб, бу соҳада олиб борилган ва бажарилиши лозим бўлган ишлар хусусида гап кетди.

Бу жараённи амалга оширишда янги методологик ёндашувлар шаклланиб, ҳали ўрганилмаган мавзулар тадқиқот объектига айланди, кўплаб тарихий воқеа ва ҳодисалар янгича ёндашувлар асосида талқин этилди. Янги таълим стандартлари асосида дастур, дарслик ва ўқув қўлланмалари тайёрланди. Ҳозирги замон тарих фанида фаол ривожланаётган йўналишлардан бири — бу, энг янги тарих бўлиб, мазкур йўналишнинг шаклланиши миллий тарих мактабларида мустақил миллий давлатнинг ташкил топиши билан асосланади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 27 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгашини тузиш тўғрисида”ги қарори замонавий тарихни илмий тадқиқ этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу ўринда, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида энг янги тарих муаммоларини тадқиқ этиш жараёни фаоллашганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Бунда тарих, халқаро муносабатлар назарияси, социология, антропология, этнология, фалсафа, санъатшунослик, тилшунослик, адабиётшунослик ва бошқа фанларни қамраб олган фанлараро ёндашувга асосланган методологияга алоҳида эътибор қаратилди.

Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг энг янги тарихи долзарб масалаларни чуқур ва ҳар томонлама тадқиқ этиш республикада тарих фанини янги поғонага олиб чиқиш имконини беради.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”