2015-05-01 19:42:00

ДЕПУТАТЛАР ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАР ЮЗАСИДАН МУҲОКАМАЛАР ЎТКАЗИШДИ

30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Аввалроқ сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг йиғилишлари ўтказилиб, уларда қуйи палата мажлиси кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилди. Айниқса, депутатлар асосий эътиборни муҳокамага киритилган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасига қаратдилар. 

Конституциямизга киритилган бир қатор тузатишлар ҳокимият ва бошқарув тизимини янада демократлаштириш, "кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари" тамойили босқичма-босқич амалга оширилишини таъминлаш, парламентнинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, ҳокимият вакиллик органларининг назорат функцияларини кучайтиришга хизмат қилиб келмоқда. 

Мамлакатимиз Конституциясига киритилган тузатишларга мувофиқ ижроия ҳокимият органлари, ҳокимларнинг вакиллик органлари олдидаги масъулияти кучайтирилди. Хусусан, Конституциянинг 103-моддаси вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этиш мажбуриятини белгилайдиган қоидалар билан тўлдирилди. 

Конституциямизга киритилган мазкур демократик меъёрларни амалга ошириш механизмларини яратиш мақсадида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун янги 251 модда билан тўлдирилмоқда. Унга кўра, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг ҳисоботлари тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман ва шаҳарнинг ўтган йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида тақдим этади. 

Ҳокимларнинг ҳисоботини муҳокама этишда Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида, шунингдек, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашларида белгиланган баҳолар ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. 

— Маълумки, ҳар йилнинг январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси ўтказилади. Унда ўтган йилнинг натижаларига кўра Ҳукумат, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари фаолиятига кенг баҳо берилади, шунингдек, келгуси йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинади. Шундан сўнг, жойларда ана шундай йиғилишлар ўтказилади. Мазкур амалиёт ўзининг самарадорлигини кўрсатди ва давлатнинг устувор вазифалари ҳамда стратегияси амалга оширилишининг бориши юзасидан тизимли таҳлил ва доимий назоратни таъминлаш имконини беради. Конституциямиз талабларидан келиб чиқиб, мазкур қонунга киритилган қўшимчалар эса вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда ўтказиладиган шу каби йиғилишларда ҳокимларнинг ҳисоботини муҳокама қилишни назарда тутади, — дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси К.Эрназаров. — Бу эса ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим масалаларини кўриб чиқишда узвийликни, юқори турувчи органлар томонидан белгиланган баҳоларни ҳисобга олган ҳолда самарали муҳокамалар ташкил этилишини, ҳокимлар томонидан ҳисоботлар тақдим этилишида такрорийликни истисно этишни таъминлашга ва пировардида маҳаллий вакиллик органларининг ролини оширишга хизмат қилади. 

— Халқ депутатлари Кенгашида ҳокимларнинг ҳисоботлари тақдим этилиши ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва келгуси йилнинг устувор йўналишларига бағишланган йиғилишлар билан бирга ўтказилишининг белгиланиши амалиётда ўзини оқлайди деб ҳисоблаймиз, — дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси М.Ҳусанова. — Қонунга киритилаётган қўшимчада халқ депутатлари Кенгашлари мажлисларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларининг иштирок этиши имкониятининг белгиланиши муҳокамаларни янада демократик тарзда ўтишига, ҳокимларнинг, шунингдек, депутатларни ҳам масъулиятини оширади. 

— Қонун лойиҳасининг эътиборга молик жиҳатларидан яна бири, муҳокама якунларига кўра халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилинади, унда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва ҳокимлар ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилиб, уларнинг ишини янада такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек, қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлашга доир чора-тадбирлар назарда тутилмоқда, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакили Ф.Эшматова.

 Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш мақсадида тегишли ҳужжатларни ОАВ ва веб-сайтларда эълон қилиш шартлиги назарда тутилмоқда. 

— Қонун лойиҳасида назарда тутилаётган халқ депутатлари Кенгашлари қарорлари ва ҳокимлар ҳисоботларининг расмий нашрлар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари веб-сайтларида эълон қилиниши шартлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилади, — дейди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Ё.Холёров.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг назорат функцияларини кучайтириш, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини рўёбга чиқариш борасидаги масъулиятини оширишни таъминлайди. Қонуннинг амалда татбиқ этилиши маҳаллий давлат ҳокимияти органлари олдида турган вазифаларни самарали ҳал этиш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва пировард натижада ҳар бир фуқаронинг, жамиятнинг манфаатлари ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Муҳокамалар якунига кўра, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

Шунингдек, депутатлар Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси Ахборот хизмати