2015-05-08 19:51:00

ХИТОЙ ДЕЛЕГАЦИЯСИ БИЛАН УЧРАШУВ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Хитой халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгаши Умумхитой қўмитаси раисининг ўринбосари, Марказий Осиё мамлакатлари билан Хитой дўстлик жамиятининг фахрий раиси Чэнь Юань раҳбарлигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов Ўзбекистон Хитой Халқ Республикаси билан стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатдорлик асосида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият бераётганини таъкидлади.

Томонлар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, икки мамлакат парламентлари делегацияларининг учрашувлари мунтазам ўтказилаётганини қайд этди.

Хитой делегацияси аъзолари мамлакатимиз Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, фракциялари ва депутатлик гуруҳлари фаолияти билан таништирилди.

— Ўзбекистон Осиё минтақасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим роль ўйнамоқда, — деди делегация раҳбари Чэнь Юань. — Бугунги музокаралар Ўзбекистон ва Хитой муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Шу куни Хитой делегацияси аъзолари Ўзбекистон Хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгашида ҳам музокаралар ўтказди. Учрашувда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик икки мамлакатни янада яқинлаштириши таъкидланди. “Ўзбекистон-Хитой” дўстлик жамияти, Республика Байналмилал маданият маркази, Марказий Осиё мамлакатлари билан Хитой дўстлик жамияти бу борада муҳим ўрин тутмоқда.

ЎзА.