2015-05-15 18:48:00

АБДУЛЛА ТАНГРИЕВ — ОСИЁ ЧЕМПИОНИ!

Жорий йилнинг 13-14 май кунлари Кувайт давлатида дзюдо бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур қитъа чемпионатида Олимпиада ўйинларининг кумуш медали совриндори, жаҳон чемпиони Абдулла Тангриевнинг ғалабаси шарафига Ўзбекистон байроғи сарбаланд кўтарилди.

Оғирлик вазни 100 килограммдан юқори бўлган полвонлар беллашувида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Абдулла Тангриев нимчорак финалда ҳиндистонлик Удайвир Синхни, чорак финалда япониялик Кента Нишигатани, ярим финалда мўғилистонлик Темюлен Баттулгани мағлуб этиб, ҳал қилувчи финал беллашувида қирғизистонлик Юрий Краковецкийдан устун келди. 

Таъкидлаш лозимки, Осиё чемпионатида терма жамоамиз аъзоларидан, шунингдек, Гулноза Матниёзова (-70 кг) ва Шарофиддин Болтабоев (-73 кг) кумуш, Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг) ҳамда Шерали Жўраев бронза медалига сазовор бўлдилар. 

“Туркистон-пресс”