2015-05-19 11:21:00

БЕЛБОҒЛИ КУРАШДА ЯНГИ ПОЛВОНЛАР МАЪЛУМ БЎЛДИ

Қашқадарё вилоятидаги “Геолог” маданият ва спорт-соғломлаштириш марказида белбоғли кураш бўйича 1995-1996 йилларда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардан келган 250 нафардан ортиқ спортчи йигит-қизлар ғолиблик учун курашди.

— Чемпионат ғолиблари жорий йилнинг июнь-июль ойларида Россия федерациясининг Самара шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионати ҳамда Туркманистонда бўлиб ўтадиган жаҳон кубоги баҳслари йўлланмасига эга чиқади, — дейди белбоғли кураш бўйича республика ёшлар терма жамоасининг бош мураббийи Усмон Маҳаматов. — Спортчиларимиз унинг моҳиятини тўла англаб етишган. Шунинг учун ҳам курашлар қизғин ва муросасиз кечди.

Мусобақада ўғил болалар 11 та, қизлар эса 7 та вазн тоифасида майдонга тушишди. Наманган вилоятидан 4 нафар, Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳридан 3 нафардан, Қашқадарё, Тошкент ва Жиззах вилоятларидан 2 нафардан, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан эса 1 нафардан иштирокчилар ўз вазнлари тоифаси бўйича биринчи ўринга сазовор бўлдилар.

— 66 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар билан беллашиб, юқори натижага эришдим ва жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритдим, — дейди наманганлик Наргиза Абдулазизова. — Ёз ойида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида ҳам пухта тайёргарлик кўриб, ғолибликни қўлга киритиш учун бор имкониятимни ишга соламан.

Шоҳиста БОЗОРОВА,

“Туркистон-пресс” мухбири