2013-05-16 17:17:00

“ПОЛВОНЖОН”НИНГ МАҚСАДИ УЛКАН

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Полвонжон” болалар ва ўсмирлар журналининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Юртимизда спортга, айниқса, болалар спортига катта эътибор қаратилаётгани барчамизга яхши маълум. Мустақилллик йилларида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилгани ҳам юртимизда бу борада амалга оширилган ишларнинг нечоғлик улкан аҳамият касб этиши далилидир. Жорий йилнинг 16 мартида Президентимиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг мажлисидаги маърузасида болалар спортига бўлган эътиборни жаҳон андозасига мос ва хос равишда ташкил этиш зарур эканлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтгандилар.

Болалар ва ўсмирлар спортиниривожлантириш, уларнинг ҳар томонлама соғлом камол топишларида муҳим кўмакчига айланиб улгурган “Полвонжон” журнали ҳам айни вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб олган.

Журнал саҳифаларида Ўзбекистон спорти  янгиликлари, юртимиз шарафини ҳимоя қилган спортчиларимиз, жаҳон спортининг таниқли намоёндалари, юртимиздаги мавжуд ва янги очилган спорт объектлари, спорт-ўқув муассасалари ҳақида кенг ва батафсил маълумот олиш мумкин. Бундан ташқари, турли спорт турларининг тарихи, ривожланиши ва қоидалари, шу билан биргаликда, болаларни  спортга бўлган қизиқишини оширишга хизмат қилувчи турли хил қизиқарли хабар ҳамда манбалар ёш муштарийларни қизиқтириш табиий.

Фарзандларимизни ёшлигиданоқ спортга бўлган қизиқишини кучайтириш ва уни ривожлантириш йўлида қилинаётган бу каби саъйи-ҳаракатлар келажакда ўз сўзини айтиши шубҳасиз.

Мавлуда МЕЛИҚУЛОВА,

“Туркистон-пресс”