2015-07-06 18:17:00

НУРБЕКНИНГ ЯНГИ ИХТИРОСИ

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси Нурбек Рашидов картошка кавлайдиган анъанавий агрегатни янада такомиллаштирди. Эътиборлиси, ушбу ускуна харажатларни 21-25, меҳнат сарфини 19-21, ёнилғи сарфини эса 18-21 фоизгача камайтиради. Қолаверса, иш унумдорлигини 27 фоизгача оширади.

— Шу турдаги мавжуд технологияларнинг камчилик ва устун томонларини пухта ўрганиб, кейин устозларим кўмагида янги қурилма яратишга киришдик, — дейди ёш ихтирочи. — У кавлаш жараёнида картошкага деярли зарар етказмайди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур агрегат Қамаши туманидаги “Шўртепа” фермер хўжалигида синовдан муваффақиятли ўтказилди. Ундан нафақат картошка, балки сабзи, шолғом ҳамда ерёнғоқ каби ўсимликлар ҳосилини йиғиб олишда ҳам фойдаланиш мумкин.

“Туркистон-пресс”