2013-05-25 16:19:00

ПАРВОЗГА ШАЙЛАНГАН ОРЗУЛАР

25 май. Эрта тонгдан мактаб сари ошиқаётган ўқувчилар қалбида бир олам ҳаяжон, беғубор орзулар, улуғ мақсадлар зоҳир. Шу куни мамлакатимиз мактабларида ўқув йили якунланди. Қадрдон бўлиб қолган мактаб, меҳрибон устозлар билан хайрлашиш онлари... Фурсатлар шамолида тобланган, устозлар билимидан маънавий куч олган ўқувчилар бугун жонажон масканларидан учирма бўлмоқда. Олдинда эса уларни порлоқ келажак, эзгу ишлар кутмоқда. Ушбу ҳаяжонли сана муносабати билан барча таълим масканларида бўлгани каби пойтахтимизнинг Сергели туманида жойлашган 304-мактабда ҳам “Хайр, мактаб, — салом коллеж!” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан устоз-мурабийлар, ўқувчи-ёшлар, ота-оналар ҳамда маҳалла фаоллари Президентимиз раҳнамолигида мустақиллик йилларида олиб борилаётган таълим тизидаги улкан ўзгариш ва ислоҳотлар, юртимиз болаларининг билим олишлари учун яратилган кенг имкониятлар, соҳада эришилган фахрли ютуқлар ҳақида алоҳида таъкидладилар.

Бу борада Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, “Таълим тўғрисида”ги қонун муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, мазкур ҳужжатларда кўзда тутилган ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг пухта билим эгаллашлари, замонавий технологияларни ўзлаштириши, хорижий тилларни мукаммал билиши учун яратилган зарур шарт-шароитлар бугун ўз самарасини бермоқда. Таълим сифати ва савияси юксалиб бормоқда.

Маълумки, Президентимиз томонидан 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз ёшларининг чет тилларни, хусусан, инглиз тилини мукаммал ўзлаштириши учун катта аҳамият касб этди. Бу йўналишда бир қатор чора-тадбирлар бошлаб юборилган. Мазкур қарор ижроси юзасидан давлат таълим стандартлари ҳамда улар асосида ўқув дастурлари, қўлланмалар яратилди. 2013-2014 ўқув йилидан эътиборан эса 1-синфдан чет тилларни ўрганиш жараёни жорий этилиши кўзда тутилган.

— Мактабда устозларимиздан олган билимларимиз келажакда орзуларимизга эришишда қўл келади, — дейди Зиёда Мирходиева. — Муҳтарам Президентимизнинг юртимиз ёшларига қаратаётган эътибори, ғамхўрлик ва меҳри бизни янада кўпроқ ўқиб-ўрганишга, шу юртимизни севишга, унга содиқ фарзандлар бўлишга, ўз навбатида Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этишга илҳом бағишлайди. Мен ҳам барча тенгдошларим қатори орзу рўёби остонасида туриб, Фармацевтика коллежида ўқишни давом эттирмоқчиман. Ватанимиз тинчлиги, аҳоли саломатлиги йўлида меҳнат қилиб, улкан ютуқларни қўлга киритиш ниятим бор.

Дарҳақиқат, Зиёда сингари шижоатли, ўктам ва билимдон ёшларимиз борлиги, уларнинг орзу-ниятлари мусаффолиги порлоқ келажак гаровидир.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги маълумотларига кўра, мазкур ўқув йилида мамлакатимиз умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синфини 533 минг 658 нафар ўқувчи битирган. Ўтказилган сўровлар натижалари таҳлили эса уларнинг 482 минг 427 нафари касб-ҳунар коллежларида, 51 минг 231 нафари эса академик лицейларда таҳсил олиш учун таълимнинг кейинги босқичи билан тўлиқ қамраб олинишини кўрсатмоқда.

— Ҳар сафар битирувчи ўқувчиларимизни кўриб қалбимизни ҳаяжон чулғайди, — дейди Сергели туманидаги  304 – мактабнинг ўқитувчиси Саида Бекназарова. — Уларнинг орзуларини эшитиб, муваффақиятларини кўриб эса фахр ҳиссини туямиз. Бугун мактабларда барча шароитлар муҳайё. Кўриб турганингиздек, ўқув-машғулот хоналаримиз кенг ва шинам, ўқув кабинетлари, замонавий ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар, спорт зали ёшларимиз ихтиёрида. Бундай шароитда таълим олган фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаслигига шубҳа йўқ.

Маълумки, кейинги йилларда мактабларда оила, маҳаллалар ва таълим масканлари ўртасида ҳамкорлик кучаймоқда. Бу эса ёшларнинг соғлом муҳитда камол топишлари учун хизмат қилади. Шунингдек, “Ота-оналар университети” жамоат тузилмаси фаолияти ҳам шу мақсад йўлидаги муҳим амалий ҳаракатлардан саналади. Иқтидорли ўқувчиларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган турли танлов ва тадбирлар эса ёш иқтидор эгалари учун айни муддао бўлмоқда. Бу борада 5-8 синф ўқувчилари ўртасида анъанавий ўтказиб келинаётган “Билимлар беллашуви”нинг ўз ўрни бор.

304-мактабда бўлиб ўтган тадбирда турли ижодий танловларда, жамоатчилик ишларида, беллашувларда, фан олимпиадаларида фаол иштирок этган ўқувчиларга фахрий ёрлиқлар топширилди. Устозлар, ота-оналар ҳамда барча йиғилганлар битирувчиларга оқ йўл, орзулари рўёбини тилашди.

 

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс”

Суратда: Сергели туманидаги 304-мактабнинг битирувчи ўқувчи-ёшлари