2015-09-08 17:04:00

МИЛЛИЙ КУТУБХОНА КИТОБ МУЗЕЙИ ЭКСПОЗИЦИЯСИНИ ЯНГИЛАДИ

Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси китоб музейи ҳар ойда ўз экспозициясини янгилаб боради.  Навбатдаги экспозиция шарқшунос олимларнинг асарларига бағишланди.

Экспозицияга Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрларга бой фондида сақланаётган шарқшунос олимларнинг асарларини танлашда уларнинг нашр этилиш даври, ноёблилиги, шунингдек, Шарқ фалсафаси, тилшунослиги, географияси, ҳуқуқшунослиги ва тарихи масалалари билан қизиққан Европа шарқшунос олимларининг асарларига эътибор қаратилди. Улар ичида энг қадимийси ХVII аср ўрталарида нашр этилган бўлиб, қолганлари асосан ХVIII ва XIX асрларни ташкил этмоқда.

Музей экспозициясида шарқшунос мутахассислар учун қимматбаҳо ҳисобланган кўп жилдлик асарлар ҳамда маълумотнома сифатидаги манбаларга алоҳида ўрин ажратилган. Унда, асосан, Франция, Германия, Буюк Британия ва бошқа Европа шарқшунос олимлари томонидан яратилган асарлари ўрин олган.

Кўргазма жорий йилнинг 30 сентябрига қадар давом этади.

“Туркистон-пресс”