2015-09-17 19:22:00

ТОШКЕНТДА ИЛК ИННОВАЦИОН АВТОМАКТАБ — AVTOTEST ИШГА ТУШДИ

Пойтахтимизда мамлакатимиздаги илк инновацион автомактаб — AVTOTESTнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирга таклиф этилган меҳмонлар ва журналистларга ўқитишда тамомила янгича ёндашувни тақдим этувчи лойиҳанинг ишланмалари намойиш этилди.

Унда таъкидланишича, AVTOTEST инновацион мактаби ҳайдовчиликнинг мумкин қадар самарали ва қулай ўргатилиши учун таълим ва технологияларнинг энг сўнгги ютуқларига асосланган қарорлар мажмуини тақдим этади. Лойиҳа ташкилотчилари саводхонлик асосида ва маданиятли тарзда транспортни бошқариш орқали йўл ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаш компаниянинг асосий вазифаси эканини қайд этишмоқда.

— Маълумки, йўл-транспорт ҳодисаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўлим сабабларининг биринчи ўнталигига киритилган, — дейди AVTOTEST компанияси директори Комилхўжа Маҳамадхўжаев. — AVTOTESTни ташкил этиш ғояси мазкур ачинарли статистикани ўзгартириш билан боғлиқ бўлди. Йўл-транспорт ҳаракатида қоида бузилиш ҳолатлари қайд этилар экан, бизнинг асосий мақсадимиз бу салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.

AVTOTEST автомактаби пойтахтимизнинг Навоий кўчаси 1-уйдаги замонавий бинода жойлашган бўлиб, энг сўнгги замонавий технологиялар, ўқув жиҳозлари билан таъминланган бўлиб, синфхоналар юқори даражали қулайликларга эга. Бу ерда ўқувчилар учун дам олиш жойлари, кичик кутубхона, Wi-Fi тармоғи ва кафетерий мавжуд бўлиб, ўз навбатида, таҳсил олувчилар ҳатто бино йўлакларида юриб ҳам билимларини оширишга шароит яратилган.Аудиториялар интерфаол доскалар билан жиҳозланган.

Эътиборлиси, бу ерда ўқитишда анимацияли роликлар қўлланилади, ўқитувчилар эса дарсларни осон эслаб қолишга ёрдам берувчи психологик тадқиқотлар асосида тузилган замонавий педагогик услублардан фойдаланадилар. Ўйинли баҳс-мунозараларни, муҳокама, интерфаол гуруҳ ўйинлари кабиларни ўз ичига олувчи таълим беришнинг ноёб усули фокус гуруҳларда муваффақиятли синовдан ўтказилди.

AVTOTESТда амалий дарсларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмаларини қўллаб кўришлари учун тиббиёт муляжлари, ҳар бир талаба автомобилларнинг тузилишини батафсил ўрганиши учун уларнинг механик қисмлари ва интерактив стендлар мавжуд.

Автомактаб фаолиятининг муҳим хусусиятларидан бири — бу, сифат назоратидир. Сифат назорати талабалар ва ўқитувчиларнинг аудиторияларга ўз вақтида келиши, талабаларнинг дарсларда фаолликлари, ўқитувчилар фаолиятининг сифати ва уй вазифаларининг бажарилиши кабиларни ўз ичига олади.

— AVTOTESTнинг биринчи мактабининг очилиши биз учун муҳим воқеа, — дейди К.Маҳамадхўжаев. — Инновацион автомактаб ғояси лойиҳани ишга тушириш муддатида бизни илҳомлантириб келди ва биз меҳнатимизнинг илк натижаларини кўриб турганимиздан хурсандмиз. Биз йўлларда хавфсизликка интиламиз ва юқори маданиятли ҳайдовчилик кўникмаларини тарғиб этишни мақсад қилганмиз.

Улуғбек АСРОРОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири

“Туркистон-пресс” олган суратлар.