2013-01-25 13:48:00

Тошкентда дзюдо бўйича халқаро семинар

Жорий йилнинг 25-28 январь кунлари Тошкентда дзюдо бўйича Осиё ҳамда Океания давлатлари ҳакам ҳамда етакчи мутахассислари учун халқаро семинар ўтказилади. Унда 2013 йилдан дзюдо кураши қоидаларига киритилган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилади. 

Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ахборот маркази хабарига кўра, Осиё ҳамда Океаниянинг 20 дан ортиқ давлатларидан ташриф буюрадиган мутахассисларга (ҳар бир давлатдан биттадан ҳакам ва терма жамоа бош мураббийси иштирок этади) янги қоидалар хусусида Халқаро дзюдо федерацияси реферилари Жан Снайдерс (Голандия), Дениэл Ласкау (Германия) ва Армен Богдасаров (Ўзбекистон) назарий ва амалий курслар орқали маълумот берадилар.

Энди қоидаларга киритилган ўзгаришлар ҳақида гап кетганда шуни таъкидлаш лозимки, янги қоидаларга кўра, спортчилар мусобақадан бир кун олдин кечки пайт синовдан ўтказилади (аввал мусобақанинг биринчи куни эрталаб ўтказилган эди). Вақт чегирмаси “голден скор” ҳам олиб ташланди. Шунингдек, эндиликда икки полвоннинг кучлари тенг келганда ғолиб спортчи ҳакамларнинг кўтарган байроқчалари орқали аниқланмайди.

Дзюдо кураши қоидаларига киритилган яна бир қатор ўзгаришлар хусусида халқаро семинарда батафсил маълум қилинади.

“Туркистон-пресс”