2013-06-10 16:41:00

НАВОИЙДА ПИЛЛА МЎЛ БЎЛДИ

Қишлоқ хўжалигида йилнинг дастлабки ҳосили соҳадаги энг сердаромад тармоқлардан бири бўлган пиллачиликдан олинади.

Демак, ушбу тармоқда эришилган муваффақият соҳадаги кейинги эришилажак ютуқларга ҳам замин ҳозирлайди. Бу йилги мавсумда ушбу тармоққа алоҳида эътибор қаратилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда соҳани янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва жойларда бу борада қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, Навоий  вилояти“кумуш тола” ижодкорлари 955 тонна қимматбаҳо саноат хомашёси етиштириб бериб, йиллик режани бажардилар.

— Жорий йилда мавсумга ҳар қачонгидан-да пухта тайёргарлик кўрилди. Бундан ташқари, пиллакорларнинг ишни уюшқоқлик билан олиб борганлиги ҳамда ипак қурти навининг яхшиланиши юқори сифатли ва мўл ҳосил олиш имконини берди, — дейди вилоят “Пилла” масъулияти чекланган жамияти раиси Умид Нарзиев. — Ипак қуртларининг ўз вақтида сифатли озиқлантирилиши хомашё толаси узун ва пишиқ бўлишига замин яратди.

Ҳозиргача ҳар қути ипак қурти уруғидан ўртача 55-57 килограммдан ҳосил олган Қизилтепа, Кармана, Хатирчи, Навбаҳор туманлари сифатли пилла топширишга эришишди.

Мавсум бошида вилоят буйича 1009 та фермер хўжалигидаги оилавий пудратчиларга 16 минг 250 қути ипак қурти тарқатилди. Пиллакорларга зарур шарт-шароит яратилиб, мавсум учун керакли — термометр, қоғоз, формалин, бўз каби воситалар етказиб берилди.

Пиллани етиштириб хом ашё ҳолида сотиш эмас,  балки қайта ишланиб калава қилингани кўпроқ фойда келтиради. Адрас, атлас каби тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўл қўйиш эса моддий манфаатдорликни янада оширади. Бу борада ҳам вилоятда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Кармана туманида пиллани кайта ишлаш «Ричард Бест Силк» шўъба корхонаси ишга тушди. Корхонада 72 нафар хотин-кизлар муқим иш ўрни билан таъминланди, аҳамиятлиси уларнинг аксариятини  коллеж битирувчилари ташкил этади.

Пиллачиликда ҳосилнинг мўл бўлиши  бевосита озуқа базасининг мустаҳкамлигига боғлиқ. Шу боис, жорий йилда ипак қурти озуқасининг асосий манбаи ҳисобланган тутчиликни ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Айни пайтда вилоятдаги мавжуд  тутзорлар майдонини янада кенгайтириш мақсадида фермер хўжаликлари ҳудудлари ва  ариқ ёқаларида янги тутзорлар ташкил этилмоқда. Албатта, бу келажакда "кумуш тола"нинг сифатли ва мўл бўлишига замин яратади.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”