2016-01-04 13:48:00

ПОРЛОҚ КЕЛАЖАК ЙЎЛИДА ҲАМФИКР, ҲАМҚАДАММИЗ

Президентимиз Ислом Каримовнинг халқимизга йўллаган Янги йил табригини барчамиз алоҳида эътибор, зўр қувонч ва фахр билан эшитдик. Зеро, унда таъкидланганидек, 2015 йил биз учун ҳар томонлама хосиятли ва файзли бўлди.

Бунга давлатимиз раҳбари табригида келтирилган қуйидаги рақамлар таҳлилида ҳам амин бўламиз.

Жумладан, 2015 йилда ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиши 8 фоиздан кам бўлмади. Биргина, қишлоқ хўжалиги соҳасида деҳқон ва фермерларимизнинг 7 миллион 500 минг тоннадан зиёд ғалла, 3 миллион 350 минг тонна пахта, 14 миллион 500 минг тоннага яқин сабзавот ва полиз, 4 миллион 300 минг тонна боғдорчилик маҳсулотлари етиштиргани таҳсинга лойиқ. Шу боис, йил давомида бозор ва дўконларимизда серобчилик бўлиб, нарх-навонинг меъёрийлиги таъминланди.

Иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар узвий давом этди. Ишлаб чиқариш объектлари сони ортиб, миллий маҳсулотларимиз ҳажми сезиларли ўсди. Пировардида,2015 йилда аҳолимизнинг реал даромадлари 9,6 фоизга, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори 21,9 фоизга ошди.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизнинг иқтисодиий юксалиши баробарида, халқимизнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш, илму фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт, турли гуманитар тармоқларни янги, замон талаб қиладиган босқичга кўтаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бу жиҳатлар эса, мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбияси, уларнинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, янги ютуқ ва марраларни заб этиши, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Юртбошимиз табригида қайд этилганидек, 2016 йилда давлат бюджетида илму фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт тармоқларини ўзида мужассам этган ижтимоий соҳани ривожлантиришга сарфланадиган маблағлар 2015 йилда ўзлаштирилган маблағларга нисбатан анча кўпроқ бўлиб, давлат бюджети умумий харажатларининг 59,1 фоизини ташкил этади.

Шу ўринда, Президентимиз таклифи билан 2016 йилга мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб ном берилишини барчамиз зўр мамнуният билан кутиб олганимизни эътироф этиш жоиз. Зеро, бу қарор юртимизда она ва бола саломатлиги йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ва эзгу ишларимизнинг мантиқий давоми бўлади, албатта.

Гулсин РАҲМАТОВА,

Навоий шаҳридаги

17-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

(“Туркистон-пресс”).