2016-01-07 15:22:00

ЎЗБЕКИСТОН ОЛИЙ МАЖЛИСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ГЕРМАНИЯДА БЎЛДИ

Бундестагнинг (ГФР парламенти) таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг делегацияси Германияда бўлди. Бу ҳақда parliament.gov.uz хабар бермоқда.

Ташриф доирасида Бундестаг, Бундесрат (ГФР давлат кенгаши) ва Бранденбург ландтаги (минтақавий қонунчилик органи) раҳбарияти билан учрашувлар бўлиб ўтди. Ўзбекистон вакиллари Германия парламентаризми, федерал ва ўлкалар даражасидаги вакиллик органлари фаолиятининг асосий тамойиллари ҳамда механизмлари, парламент назоратини амалга ошириш ва ҳокимиятнинг бошқа бўғинлари билан ўзаро ҳамкорлиги, қонун ижодкорлиги ишларининг ташкил этилиши тажрибаси ҳамда қабул қилинаётган қонуний ҳужжатлар бажарилиши самарадорлигининг тизимли таҳлили ва баҳолари билан танишдилар.

Учрашув ҳамда музокаралар чоғида Ўзбекистон ва ГФР ўртасидаги парламентлараро муносабатларни кенгайтириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан республикамизнинг замонавий тараққиёти, амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, суд-ҳуқуқ ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолияти хусусидаги атрофлича маълумотлар тақдим этилиши баробарида, Германия билан конструктив ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосидаги алоқаларни ривожлантиришдан Ўзбекистоннинг манфаатдор эканлиги маълум қилинди.

“Жаҳон” ахборот агентлигининг хабар беришича, мамлакатимиз парламенти делегациясининг мазкур ташрифи Германия Федератив Республикасида юқори баҳоланди. Германия томони вакилларининг фикр билдиришларича, бу воқеа Ўзбекистоннинг жаҳондаги илғор тажрибани ўрганиш ва қўллаш асосида давлат бошқарувида парламент ролини янада оширишга бўлган содиқлигини яққол тасдиқлайди.

Жумладан, Бундестагнинг “ГФР — Марказий Осиё” гуруҳи раиси Манфред Грунд Ўзбекистон мустақил ривожланиш йиллари давомида эришган салмоқли муваффақиятлар юқори баҳога сазовор эканлигини қайд этди.

— Ўзбекистон ўзининг барқарорлиги билан ажралиб туради, — деди М. Грунд. — Бу эса мамлакат тараққиётидаги ўта муҳим омил ҳисобланиши билан бирга, сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларнинг давом этаётганидан ҳамда халқаро ҳамкорликнинг тобора кенгайиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистон парламенти делегациясининг мазкур ташрифи ГФР федерал ва ўлка парламентлари порталларида атрофлича ёритилди.

“Туркистон-пресс”