2016-01-13 19:21:00

СОЛИҚ ТИЗИМИДАГИ МУҲИМ ЯНГИЛИКЛАР

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан кўргазмали семинар ташкил этилди.

Ундан кўзланган мақсад солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишларидан келиб чиқиб, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалардан тадбиркорлик субъектлари ҳамда кенг жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилишдан иборат.

Маълумки, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2016 йил солиқ ставкаларига бир қатор ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, иқтисодиётнинг барча тармоқларидагимикрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2015 йилдаги 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилди. Шунингдек, божхона расмийлаштируви бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар (божхона брокерлари) учун ҳам шундай солиқлар тўлаш тартиби белгиланди. Таъкидлаш жоизки, жорий йилда ягона солиқ ставкасининг камайиши ҳисобига тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида 59 миллиард сўмга яқин маблағ қолиши кутилмоқда.

Тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар учун фойда солиғи, мол-мулк солиғи, микрофирма ҳамда кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар юзасидан, шунингдек, тўқимачилик корхоналари учун мол-мулк солиғи тўлашдан озод этиш бўйича берилган имтиёзлар муддати 2018 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга мувофиқ автомобиль транспорти соҳасида фаолият юритувчи кичик корхоналар ходимлари сонини 25 нафардан 50 нафаргача оширган ҳолда кичик бизнес субъектларига берилган имтиёз ва енгилликлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилди.

Фаолият олиб бориш жойидан қатъи назар бензин, дизель ёнилғиси ва суюлтирилган газ, шунингдек, тамаки ва алкоголли маҳсулотларни сотувчи корхоналар учун 2016 йилдан эътиборан ягона солиқ тўлови ставкаси унификация қилинди.

Ягона ер солиғи ставкаси эса жорий йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 августдаги “Қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг норматив қийматини аниқлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳолда ҳисоблаб чиқиш тартиби жорий қилинди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасининг иккинчи шкаласи (энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда) 1 фоизли пунктга камайтирилиб, 7,5 фоиз қилиб белгиланди. Бунда, солиқ солинадиган даромадлар гуруҳлари бўйича солиқ солиш шкаласи йил бошига — 2016 йил 1 январга белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан (130 240 сўм) келиб чиқиб аниқланади ва йил давомида энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарган тақдирда ҳам қайта кўриб чиқилмайди.

Солиқ қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида 2015 йил 31 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан Солиқ кодексининг 39 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, жисмоний шахсларга мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш учун хабарнома уларга берилганлигини тасдиқланган ҳолда топширилиши ва бу бир вақтнинг ўзида солиқни тўлаб бериш тўғрисидаги талабнома вазифасини ҳам бажариши белгиланди.

Шунингдек,  Давлат солиқ хизмати органига камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёки аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этмаган солиқ тўловчиларнинг ҳисоб варақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришни сўраб, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз.

Яна бир янгилик. Кирим қилинмаган товарлар учун қўлланиладиган молиявий жарима ушбу кирим қилинмаган товарлар суммасининг 100 фоизи ўрнига 20 фоиз этиб белгиланди. Бу эса, солиқ тўловчига қўлланадиган молиявий жарима 5 бараварга камайтирилди, деган маънони билдиради.

Юртбошимизнинг 2015 йил 24 апрелдаги фармонига кўра, АЖ бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинган хорижий мутахассисларни рағбатлантириш бўйича берилган солиқ имтиёзларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида 2015 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  қонуни билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ акциядорлик жамиятлари бошқарув ходимлари сифатида жалб этилган хорижлик мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ягона ижтимоий тўлов тўлашдан, хорижий мутахассисларнинг бошқарув ходимлари сифатидаги фаолиятидан олган даромадлари жисмоний шасхалрдан олинадиган даромад солиғидан озод этилди.

Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Молия вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ва идоралар масъул ходимлари иштирок этган мазкур семинарда, Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият юритувчи тадбиркорлар томонидан кўтарилган барча  саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.

Тадбир давомида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган бир гуруҳ солиқ тўловчиларга Давлат солиқ қўмитасининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон-пресс”

ЎзА олган суратлар.