2013-06-14 12:04:00

ҲАР ТОМЧИСИ ҲАЁТ

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Қизил Хоч ва Қизил ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси, Донорлар ташкилоти халқаро федерацияси ва Қон қуйиш ишлари бўйича халқаро жамиятлар ташаббуси  билан 1995 йилдан буён Нобель мукофоти лауреати, қон гуруҳлари тўғрисидаги таълимот асосчиси Карл Ландштейнер туғилган 14 июнь куни дунё миқёсида «Халқаро қон донорлиги куни» сифатида кенг нишонланади.

Аслида донор — бу оддий инсон, ишчи ёки тадбиркор, талаба ёки уй бекаси... Қайсики, аксари ҳолларда ўзига нотаниш инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳам яшашини доимо ёдда тутади. Донор бўлишга аҳд қилган инсон маъсулиятни ўз бўйнига олади. Кечагина у фақат ўз соғлиғи учун жавоб берган бўлса, бугун эса бошқаларни ҳол аҳволидан хабардор  бўлади. Донор ўнлаб инсонларга умид ва саломатлик улашади. Шу сабаб ҳам  донор унинг қони қуйиладиган беморлар орасида кўпгина болалар ва ҳомиладор аёллар борлигини унутмаслиги керак.

Қон — бу ҳаёт! У томирларда тўхтовсиз ҳаракатдаги суюқлик бўлиб, инсон танасида турли функцияларни бажаради. Яъни,организмни озиқлантиради, тозалайди, доимий ҳароратни таъминлайди. Ҳар қандай касаллик чақирувчи микроб ва вируслардан асрайди. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Ва бемор ҳаётини сақлаб қолиш учун муҳим восита бўлиб, унинг таркибий қисмлари қон касалликлари (оғир даражадаги камқонлик, оққон, қон ивиш тизими бузилган касалликлар), саратон касалликлари, туғруқхона ва турли хил фавқулоддаги ҳолатларда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Хўш, Гёте ибораси билан айтганда, инсонларга ҳаёт бағишловчи «мўъжизакор хислатларга эга бўлган шарбат» — яъни,қон тўғрисида нималарни биламиз?

Қадим замонлардан инсонлар қоннинг сирли хусусиятларини билганлар. Қон кетиш оқибатида инсонларда ўлим кузатилганлиги учун қонда «жон» бор деб ўйлаганлар. Шу туфайли дўстлик рамзи сифатида улар билакдан қон чиқаришиб, бир-бирларини қонига тегизиб, уни қўшиб бир жон, бир танмиз дейишган. Аста-секинлик билан инсонлар орасида қон тўғрисидаги тушунча шакллана бошлаган. Вильям Гарвей 1628 йилда қон айланиш тизимини кашф этган. Шу тариқа қон таркиби, қон таначаларини билиш —қон сирларини очиш, ўрганишга катта имконият яратилди.

Инсоннинг ҳаётини сақлаб қоладиган қоннинг аҳамияти қандай?

Организмнинг ҳаракатдаги ўрни асосан тўқималарнинг нафас олиб туришига боғлиқ. Буни кўпроқ қон таркибидаги қизил қон таначалари — эритроцитлар бажаради. Кислородни тўқимага етказган эритроцит у ерда тўпланган карбонат ангидрид — «тутунни» олиб ўпка орқали ташқарига чиқаради. Шу сабабли, танадаги эритроцитлар кичик «ўпкачалар» деб номланади. Бу мўъжизанинг ўрнини босувчи бошқа суюқлик яратишнинг иложи ҳозиргача йўқ. Демак, қизил қон таначаларини бошқа ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди.

Инсон организмида яшаб, кўпайиб, инсон касалланишига сабаб бўлувчи микроорганизмлар оз эмас. Бу зарарли микроорганизмлар, айниқса ўта хавфли инфекциялар (вабо, чечак, тиф, безгак ва бошқалар) эпидемияси ўтмишда, яъни уларнинг замонавий давосигача минглаб инсонларнинг умрига завол бўлган. Аммо оғир «бедаво» дардга учраган инсонлар орасида ҳам тирик қолганлар бўлган. Хўш, бунинг боиси нимада? Бу организмда ҳимоя кучини бажариш вазифаси юкланган лейкоцитлардадир. Бунда қон таначаларининг бир неча тури фарқланади. Энг муҳими, ҳар бир лейкоцит турининг ўзига хос аниқ вазифаси бор. Улар инсон ҳаётида катта вазифа бўлган организмнинг гуморал ва ҳужайра иммунитетини яратади. Бу билан организмни зарарли микроорганизм, умуман кераксиз чиқиндилардан тозалаб туради. Бу серқирра фаолиятни фақат инсон қон элементигина бажаради. Дардга чалинган — ёрдамга муҳтож бўлган беморларга фақатгина донорнинг ўта муҳим бўлган ҳимоя элементлари — лейкоцитларгина ёрдам бераолади. Бошқа ҳеч қанақа даво муолажаси ўрнини донор қони — қон элементидай боса олмайди.

Қон — ҳаёт ва жонга тенглаштирилганлиги учун  қон кетиш ҳолати билан кечадиган касалликлар баъзан катта хавф ва қўрқинч билан қабул қилинади. Қонни ўз вақтида тўхтатиш шифокордан пухта билим ва тажриба талаб этади. Шу туфайли тиббиётда қон тўхтатишга хилма хил даво тизимлари ишлаб чиқилган. Бу қоннинг ивишини яхшилайдиган, тромбни эритувчи препаратлар ва ҳоказолардан иборат бўлган кўп сонли дори-дармонлардир. Шунга қарамасдан, улар инсон қони таркибидаги қонни ивитувчи, тромбни эритувчи ва бошқа табиий факторларнинг ўрнини босаолмайди. Бу вазифани бажарувчилар қон таркибидаги қон пластинкалари — тромбоцитлар ва плазмадаги қатор факторлардир. Бемор буларга муҳтож бўлса, албатта, донорга мурожаат қилади. Донор қонидаги қонни тўхтатувчи, яъни унинг таркибидаги беморга керак бўлган компонентларни ажратиб олиб беморни даволашади. Қоннинг бу хусусиятини ҳам бошқа ҳеч қанақа дори-дармон билан алмаштириб бўлмайди.

Неча-неча асрлардан буён тиб илмининг мутахассислари инсонга ҳаёт бериб турувчи қоннинг сирини мукаммал ўрганиб, унинг хусусиятларини ойдинлаштириб келишмоқда. Лекин илм-фаннинг юксак тараққиётига қарамай, бугунги кунда қоннинг ҳамма хоссаларини ўзида жам қилган бирон-бир сунъий модда кашф этилганича йўқ. Қон ўрнини босувчи суюқликларда қоннинг айрим хоссаларинигина кузатиш мумкин. Шу туфайли даволаш муассасаларини қон ва қон компонентлари, препаратлари билан таъминлашда донор хизматининг роликатта. Айтиш мумкинки, қон хизмати ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли тарғибот ишларининг кучайтирилиши боис, уларни ижодкор касб эгалари, десак муболаға бўлмайди.

Бу борада республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Навоий вилоят қон қуйиш станциясида ҳам кўпгина ишлар амалга ошириб келинмоқда.2010 йил қайта рекострукция қилинган мазкур марказда бугунги кунда донорлардан қон олиш, уларни сифатли сақлаш ва зарур пайтда тегишли жойларга етказиб бериш учун барча шароитлар яратилган.

— Қон бериб, беморлар ҳаётини сақлаб қолган донорнинг қалб ифтихорини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Даволаш муассасаларини  зарур бўлган миқдорда қон  билан таъминлаш учун кўп донор қони керак бўлади. Бундай инсонлар  катта сахий қалб эгаси бўлишади, — дейди Навоий вилояти қон қуйиш станцияси бо шифокори Барот Нормуродов. — Вилоятимизда ана шундай сахий тиббиётчи донорларимиз кўп, улардан А. Қодирова, М. Расулова, Ф.Савуров,  Д. Тилавова, М. Мансурова, З. Ҳамрақулова, Г. Тожиева, Э. Сафаров, А. Абдувойитов каби ҳамкасбларимиз қон топшириш билан бир қаторда беғараз донорлик тарғиботчилари ҳам ҳисобланишади.

Ёши 18 дан 60 ёшгача ҳар бир соғлом киши ўзининг жинси, касбидан қатъий назар, донор бўлиши мумкин. Донор бўлишни хоҳлаган ҳар бир киши тиббий кўрикдан ўтади, чунки олинган қон унинг соғлиғи учун зарар келтирмаслиги ва унинг қони орқали беморга бирор касаллик юқиш хавфи бўлмаслиги олдиндан текширилиши лозим.

Бугунги кунда қон ва унинг таркибий қисмларига бўлган эҳтиёж жуда катта. Агар фуқаролар бағрикенглик намунаси сифатида тиббий эҳтиёжлар учун қон топширсалар, улар инсонпарварлик ва меҳр-шафқат кўрсатган ҳолда мамлакат аҳолисини саломатлигини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшган бўладилар. Қон топширилиши ва бу қоннинг бирор инсон ҳаётини сақлаб қолиши дунёдаги энг улуғ фазилатдир.

Демак, хулоса қилиб айтадиган бўлсак, донорлик инсон қалбида ватанпарварлик, эзгулик ва одамийлик туйғуларини уйғотади. Шундай экан, келинг, азизлар, бизу сиздан нажот кутиб турган бемор ҳаётини сақлаб қолишдек инсонпарварлик ва эзгулик ишидан четда турмайлик!

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”