2016-01-29 15:34:00

ҚАРШИЛИК ЁШ СПОРТЧИЛАРГА МУНОСИБ СОВҒА

Қаршида муҳташам бадиий гимнастика спорт саройи фойдаланишга топширилди.

Унинг тантали очилиш маросимида сўзга чиққанлар юртимизда баркамол авлодни вояга етказиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга батафсил тўхталиб, нодир меъморчилик услубида бунёд этилган мазкур спорт саройи мамлакатимизда хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор намунаси эканлигини алоҳида эътироф этишди.

Спорт иншооти кўркам қиёфа касб этиши, барча зарур шарт-шароитларга эга бўлиши учун салмоқли ишлар амалга оширилди. Шу мақсадда объект қурилишига Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қарийб 8,2 миллиард сўм сарфланди. “Паҳлавон” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан барпо этилган мазкур сарой йирик мусобақалар ўтказиш учун мўлжалланган 56х28 метр ўлчамдаги асосий спорт зали, 500 ўринли минбарлар ҳамда ҳар бири 12х24 метр ўлчамли иккита машғулотлар залини ўз ичига олади. Унда мураббийлар ва тиббиёт ходимлари учун ҳам алоҳида хоналар ажратилган, ҳар бир зал ва хоналар барча қулайликларга эга.

Иншоотнинг очилиш маросими “Спорт – нафосат ва гўзаллик элчиси” деб номланган байрам тадбирига уланиб кетди. Вилоят хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар ва спортчиларнинг чиқишлари йиғилганларга хушкайфият улашди.

Тадбирда вилоят ҳокими З.Рўзиев сўзга чиқди.

“Туркистон-пресс”