2013-06-18 10:41:00

ХАЛҚ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА

Мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ турли соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг натижасида халқ саломатлиги йўлида кўпгина хайрли ишларга қўл урилди.

Бу эса ўз навбатида  Юртбошимиз  томонидан соғлиқни сақлаш тизимига бўлган эътибор  ва бу борада  чиқарилган қатор фармон ва  қарорлар ижросида ўз аксини топмоқда. Натижада бугунги кунга келиб, республикамизнинг барча туман, шаҳар, қишлоқларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошди, қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП) моддий-техника базаси юксалди.

Юртимиздаги барча тиббиёт масканларида бўлгани каби Навоий вилояти Қизилтепа туман тиббиёт бирлашмасида ҳам бу борада кўплаб ишлар амалга ошириб келинмоқда. Тиббиёт бирлашмаси  ўз тасарруфидаги 33та қишлоқ врачлик пункти, кўп тармоқли марказий поликлиника, сил касалликлари диспансери ва марказий шифохона орқали тумандаги 135 611 нафар аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бирлашма таркибида 220 нафар шифокор, 1788 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият олиб боради. “Обод турмуш йили” давлат дастурига мувофиқ жорий йил бошидан бу ердаги 3 та — Вангози, Ўртақўрғон, Азизобод қишлоқ врачлик пунктлари қайта таъмирланиб, модулли ҚВПлар қаторига қўшилди.

Ана шу саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ туманда тиббий хизмат кўрсатиш маданияти анча яхшиланди. Бу йўлда профилактик тадбирлар самарадорлигини яхшилаш, аҳоли ўртасида санитария-гигиена ҳамда тарғибот ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қизилтепада “Она ва бола” саломатлик дастурини изчил жорий этиш, туғиш ёшидаги хотин-қизларни кўрикдан ўтказиш, эрта турмуш қуришнинг олдини олиш каби ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий  йил бошидан буён  туғиш ёшидаги 35 449 нафар аёлдан 23 613 нафари   тиббий кўрикдан ўтказилди ва касаллиги аниқланган хотин-қизлар ўртасида соғломлаштириш ишлари олиб борилди. Бу ерда вирусли ва юқумли касалликлардан аҳолини муҳофаза қилиш учун бўғма, кўкйўтал, қоқшол, ВГВ, ХИБ инфекцияларига қарши  эмлаш ишлари доимий назоратда турибди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, репродуктив саломатликни яхшилаш борасида туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси, “Саломатлик маркази”, маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда мунтазам тарғибот ишлари йўлга қўйилган бўлиб,туман бўйича йил бошидан буён  хотин-қизларнинг тиббий маданиятини ошириш мақсадида малакали тиббиёт мутахассисларини жалб этган ҳолда жойларда 450 марта маърузали учрашув, 2123 марта давра суҳбатлари ташкил этилди. Бу ишлар йил давомида изчил олиб борилиши кўзда тутилган.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”