2013-06-18 20:17:00

МАҲАЛЛИЙ ХОМАШЁДАН ЭКСПОРТБОП МАҲСУЛОТ

Республикамизда аграр тармоқнинг муҳим йўналишларидан бири бўлган мева-сабзавотчилик ва узумчилик йил сайин ривожланиб, қайта ишланган экспортбоп маҳсулотлар ҳажми ҳам ортиб бормоқда.

Фаолият қамровини янада кенгайтириш мақсадида “Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси томонидан қайта ишлаш корхоналарининг технологик талабларга мос бўлган ноёб, саноатбоп навли токзорлар барпо этиш, ер унумдорлигини ошириш ҳамда соҳага инновация ғояларини тадбиқ этиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириляпти.

Компаниянинг 123 та корхона ва ташкилотлари тасарруфида 2011 йилда 2,9 минг гектар токзорлар бўлган бўлса, 2013 йилга келиб бу кўрсаткич 4,4 минг гектарни ташкил этди. Пойтахтдаги Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган  матбуот анжуманида  соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, ютуқлар ва келгусидаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.

­— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 13 мартдаги “2013-2015 йиллар давомида республикада узумчиликни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори фаолиятни янги марралар сари йўналтиришда муҳим дастуриламал бўлди, — дейди “Ўзвиносаноат-холдинг” компанияси раиси ўринбосари Алишер Абдуллаев. — Белгиланган тадбирлар режасига кўра, республика бўйича 22,5 минг гектар, шу жумладан, компаниянинг корхона ва ташкилотлари томонидан 3,3 минг гектар янги токзорлар барпо этилади. Умуман 2013-2015 йиллар давомида янги барпо этиладиган токзорлар майдони 7,3 минг гектарга етказилиши кўзда тутилмоқда.Натижада, компания тасарруфидаги қайта ишлаш корхоналари ўз токзорларига эга бўлишади. Демак, ишлаб чиқариш қамрови ҳам шунга яраша ортиб боради. Хусусан, 2012 йилда саноатбоп навли токзорлардан олинган ҳосил натижасида 19,2 минг тонна узум хомашёси қайта ишланган бўлса, жорий йилда 30,1 минг тонна маҳсулот қайта ишланади. 2015 йилга келиб эса 63 минг тонна узумни қайта ишлашни ташкил қилишга ҳаракат қиляпмиз.

Таъкидланишича, соҳада 2011-2015 йиллар давомида умумий ҳажми 31,1 миллион АҚШ долларлик 24 та инвестицион лойиҳани амалга ошириш ва 250 дан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда. Шундан 2013 йилда 11,2 миллион АҚШ доллар миқдоридаги 7 та инвестицион лойиҳа ҳаётга жорий этилади.

2008 йилдан бошлаб узум етиштириш ва виночилик технологияси бўйича жаҳон тажрибасини ўрганиш мақсадида холдинг компанияси корхоналари мутахассислари Франция, Италия, Испания, Германия каби мамлакатларга юборилмоқда. Ўрганилган тажрибалар асосида узум хомашёсини чуқур қайта ишлаш технологияларини татбиқ этган ҳолда юқори сифатли вино маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва турларини кўпайтиришга эришилди.

Тадбир ташкилотчилари компания тасарруфидаги токзорлар самарадорлигини ошириш, моддий-техник ресурслар таъминотини кучайтириш ва соҳага илғор технологияларни жорий этиш мақсадида ўтган йиллар давомида 630 гектар ёш токлар ишкомларга кўтарилгани, 21 та скважина қазилиб, хўжаликларда сув таъминоти яхшилангани, 73 та турли русумдаги қишлоқ хўжалиги техникалари сотиб олингани ва 320 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий этилганини ва бу ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ижобий таъсир кўрсатаётганини таъкидлашди.

Компания келгусида дунё бозорида танилган номдор, истиқболли саноатбоп узум навларини кўпайтириш мақсадида “Мева-шарбат” илмий-ишлаб чиқариш корпорацияси ва “Ўсимликшунослик” илмий тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Шунингдек,компания томонидан қайта ишлаш корхоналарига хом-ашё етказиб берувчи агрофирма ва фермер хўжаликлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатилган. Ўзаро ҳамкорлик битимлари асосида уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, имтиёзли равишда агротехника ва консалтинг хизматлари кўрсатилмоқда.

Республикамиз узумчилик соҳасини ривожлантиришда йирик холдинг компания билан бир қаторда хусусий фермер хўжаликлари ва саноат корхоналари ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар томонидан етказиб берилган маҳсулотлар халқимиз дастурхонини, тўй-тантаналарини турли ичимликлар, арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминламоқда.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бизнинг унумдор ерларимиз, серқуёш офтобимиз тафтидан бахраманд бўлган табиий маҳсулотлар ҳар қандай истеъмолчининг дидига манзур бўлади. Биз бу билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда иқтисодиётнинг импорт ўрнини эгаллайдиган ва экспортга йўналтирилган устувор тармоқларига қаратилган қатор дастур ва қарорлар қабул қилинди. Тадбиркорларга турли соҳаларни ривожлантиришга, ўз бизнесидан қобилиятига ва ақл-заковатига яраша даромад олишга кенг имкониятлар яратилди. Шу жиҳатдан узумчилик-вино саноати ҳам мамлакат иқтисодиётига, оилалар фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўша оладиган истиқболли соҳалардан биридир.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”