2013-03-29 18:33:00

ОБОД ТУРМУШ ЙИЛИДА ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон мустақил  босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази, ЮНИСЕФ халқаро болалар жамғармасининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси кўмагида республикамиз журналистлари учун “Оила институтини мустаҳкамлаш масалаларини илгари суришда Ўзбекистон ОАВ салоҳиятини ошириш” мавзусида янги лойиҳани амалга оширмоқда.

2012-2013 йилларга мўлжалланган лойиҳа доирасида Тошкентда бир гуруҳ вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди. Семинарда қатнашган вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги ОАВ таҳририятлари вакиллари, давлат органлари матбуот котиблари ва ёш журналистларга мавзуни таъсирли ёритиш, мақолалар самарадорлигини ошириш ҳамда турли ташкилотлар билан ижтимоий шерикликни йўлга қўйиш борасида муҳим тавсиялар берилди.

— Президентимиз томонидан 2012 йилни “Мустаҳкам оила йили”, жорий йилни эса “Обод турмуш йили” деб номланиши мамлакатимизда жамиятнинг бош негизи бўлмиш оила институтига катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради, — деди Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори ўринбосари Б.Рашидов. — Бош қомусимизнинг 63-моддасида оиланинг жамиятдаги ўрни алоҳида эътироф этилиб, “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб белгиланган. Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатнинг барпо этилиши жамият аъзоларининг болалик чоғиданоқ ҳуқуқий онгини ўстириш ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш масалалари билан бевосита боғлиқ. Шу сабабли, бу борадаги миллий ва халқаро қонунчиликни, хусусан, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. 

Аҳолини тўлиқ ахборот билан таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимини оширишда ОАВ асосий восита бўлиб хизмат қилади. Аксарият журналистларнинг ҳуқуқий соҳада билимларини ошириш эса оилада бола тарбияси, унинг фаровонлигини таъминлаш йўллари, ота-оналарнинг бола тарбиясида тутган ўрни, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, катталарнинг болаларга бўлган муносабати ҳақида сифатли ва таҳлилий материаллар тайёрлаш учун зарурдир.

Ушбу лойиҳанинг мақсади журналистларнинг оилалар фаровонлигини таъминлаш, бола тарбияси учун оила ва жамият аъзоларининг масъулиятини кучайтириш, ОАВда бу мавзуда чоп этилаётган материалларнинг сифатини янада оширишда уларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Семинарда лойиҳанинг ҳудудлардаги координаторлари мавзу юзасидан маъруза қилиб, оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалалари, муаммо ва ечимлар тўғрисида атрофлича маълумот беришди.

Манзура БЕКЧОНОВА,

“Туркистон-пресс”