2016-03-11 18:50:00

ЯНГИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Хитой ёзувчиси Лао Шэнинг ўзбек тилида нашр этилган “Мушуклар шаҳри хотиралари” номли китоби тақдимотини ўтказди.

Тақдимот маросимида ёзувчи ва шоирлар, таржимонлар, адабиётшунос олимлар, хусусан, “Конфуций” номидаги ўзбек-хитой институтининг хитой тили ва адабиёти бўйича мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ҳамда китобхонлар, шунингдек Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Хитой, Дунган ва Уйғур миллий маданият марказлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист ва моҳир таржимон Эркин Эрназаров томонидан рус тилидан ўгирилган ушбу китобга юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов сўзбоши ёзган бўлиб, ушбу нашрга шунингдек Лао Шэнинг ҳаёти ва ижодига оид нодир маълумотлар, уларнинг сермазмун ҳикматли сўзлари, асарларнинг яратилиш тарихи ҳам баён этилган.

Хитойлик таниқли адиб ва халқ оғзаки тилининг билимдони Лао Шэнинг “Мушуклар шаҳри хотиралари” номли модернизм руҳида ёзилган асар воқеалар гўё одам-мушуклар яшайдиган Марсда бўлиб ўтади. Фазовий кемаси ана шу сайёрада ҳалокатга учраган, ўзида сақланиб қолган, шу жойдагиларга даҳшатли туюлган тўппонча ва бир қути гугуртга эга ерлик мушуклар дунёсида энг қудратли шахсга айланади. Мушуклар давлати аҳолиси, айниқса амалдорлари бир неча минг йиллик қадимий тарихи, маданияти билан мақтанишдан чарчамайдилар, бироқ ёппасига афюн япроқларини истеъмол қилиб, маданий бойликларини хорижликларга арзон-гаровга пуллаб, ўзлари таназзулга учрайдилар ва қўшнилари томонидан осонгина забт этиладилар. Роман-памфлетда фантастик воқеалар тўғрисида гап кетаётгандек туюлса ҳам Мушуклар давлатининг қисмати беихтиёр ХX асрнинг биринчи чорагида Хитойда рўй берган фожиали ҳодисаларга ишора қилган.

Жонли мулоқот ва мунозараларга бой тарзда ўтган ушбу тақдимот маросимида таржима сифати ва мазмунини янада такомиллаштириш бўйича фикрлар алмашилди.

Хуршиджон ҚОДИРОВ,

“Туркистон-пресс”