2013-01-28 18:10:00

Дзюдо бўйича халқаро семинар якунланди

Тошкентда дзюдо бўйича халқаро семинар якунланди. Унда мамлакатимиздан ташқари хорижлик мутахассислар ҳам иштирок этишди.

Пойтахтимизда ўтказилган семинарда таъкидланганидек, дзюдони янада қизиқарли ва оммабоп тарзда томошабинлар эътиборига ҳавола этиш Халқаро дзюдо федерациясининг асосий  мақсадларидан бири. ҳисобланади. Шу мақсадда федерация дзюдо спортига янги тартиб-қоидаларни жорий этишни лозим топди. Эксперимент синовлари 9 февралда Парижда бўлиб ўтадиган “Катта дубулға” туркумидаги турниридан бошлаб Рио де Жанейро шаҳрида ўтказиладиган мусобақаларгача давом этади.

Ўзгартишлар асосан ҳакамлик назоратини қамраб олади. Янги қоидаларга биноан эндиликда кураш жараёнида фақат битта ҳакам беллашувни назорат қилиб боради. Иккинчи ҳакам эса масофали назорат ўриндиғидан мусобақани таҳлил қилади. Техник баҳолаш жараёнида ҳам маълум ўзгаришлар жорий этилди. Айтайлик, “иппон”, яъни соф ғалабани  белгиловчи юқори балл фақат рақибни елкаси билан чалқанча йиқитган спортчига берилади. Энди ушлаб турганлик учун “иппон” 20 сониядан кейин эълон қилинади. Олдин бу рағбат 25 сониялик устунлик учун бериларди. Дзюдо атамалари бўйича 10 сония ушлаб турган спортчи — “юко”, 15 сонияда эса “ваза-ари”га сазовор бўлади. Шунингдек, янги тартибларга кўра, ҳакамлар овоз беришига асосланган “хантей” бекор қилинди ҳамда бундан буён “голден скор” деб аталувчи қўшимча босқичнинг вақти чегараланмайдиган бўлди. Бундан ташқари, жазо тизими, вазнни ўлчаш ва муддатидан олдин дисквалификация қилиш жараёнларига ҳам маълум  ўзгартишлар киритилди.

— Янги тартиб-қоидалар беллашувни объектив баҳолашга яқиндан ёрдам беради, — дейди Халқаро дзюдо федерацияси рефери-директори Ян Снейдерс. — Спортчилар энди янада фаолроқ бўлишади. Бундай қарорга келиш учун кўпчилик фикрини ўргандик, кўп йиллар мобайнида «Мастерс», «Гран-При», «Катта дубулға» каби мусобақаларни кузатиб бордик. Чуқур таҳлиллар ва мунозаралар натижасида дзюдони баҳолаш тартибларини ўзгартиришга қарор қилдик. Жаҳон чемпионатидан кейин биз яна учрашиб, янги тартиб-қоидаларни расман қабул қиламиз ва бу қоидаларга 2016 йилги Олимпия ўйинларига қадар амал қилинади.

Европа давлатлари дзюдо федерациялари вакиллари иштирокидаги семинар ўтган ҳафтада Малагада бўлиб ўтган эди. Ва ўша ерда Тошкентда ҳам бундай халқаро тадбир ўтказиш ҳақида келишиб олинганди. Чунки ўзбек дзюдо мактаби  жаҳондаги кучли спорт мактабларидан бири саналади.

“Туркистон-пресс”