2016-03-18 18:18:00

СОЛИҚ ТИЗИМИДАГИ ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси томонидан “Жисмоний шахсларнинг йиллик даромадларини декларациялаш тизимининг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Юртимизда халқ фаровонлигини юксалтириш, аҳолининг реал даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, ўз даромадларини кўпайтириш, уларни эркин тасарруф этиш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган.

Хусусан, 2015 йил 22 декабрда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметри тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга асосан юртимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жисмоний шахсларнинг даромадларини ошириш мақсадида қатор солиқ ва мажбурий тўловларнинг ставкалари пасайтирилди, қонун ҳужжатларига асосан берилган имтиёзлар муддати узайтирилди.

Анжуманда жисмоний шахслар даромадларига солиқ юкини пасайтириш мақсадида, 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасининг иккинчи шкаласи (энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда) 2015 йилдаги 8,5 фоиздан 1 фоизли пунктга камайтирилиб, 7,5 фоиз қилиб белгилангани айтиб ўтилди.

Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, жисмоний шахслар асосий иш жойидан ташқари бошқа корхона, ташкилотларда ўриндошлик асосида ҳамда ўзига тегишли мол-мулкни ижарага бериш орқали қонун билан таъқиқланмаган фаолиятлар билан шуғулланиб, даромад олишлари мумкин. Олинган даромадларга эса қонунчиликда белгиланган тартибда декларация асосида солиқ солинади. Жисмоний шахсларнинг даромадларини декларация асосида солиққа тортиш муносабатлари Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар асосида тартибга солинади.

– Жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни жисмоний шахслар ўзлари учун қулай бўлган жойда ва куннинг исталган вақтида Давлат солиқ қўмитасининг расмий www.soliq.uz сайтида кўрсатиладиган “Электрон солиқ декларациялари” давлат интерактив хизмати орқали электрон шаклда топширишлари мумкин. Ушбу давлат интерактив хизмати солиқ декларацияларини хатосиз тўлдиришда ёрдам беради ва бунинг учун электрон рақамли имзога эга бўлиш талаб қилинади, – дейди Давлат солиқ қўмитаси масъул ходими Шерзод Раҳматов.

Матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси ходимлари оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан берилган саволларга батафсил жавоб беришди.

Шаҳзод ТЎРАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири