2016-04-05 17:52:00

ОКСАНАНИНГ ОЛТИН МЕДАЛИ

Ҳамюртимиз Оксана Чусовитина Германиянинг Котбус шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича ўтказилган жаҳон кубогининг навбатдаги босқичида олтин медални қўлга киритди.

Дунёнинг 33 давлатидан келган юз нафардан зиёд спортчи иштирокида ўтган мазкур нуфузли мусобақада тажрибали спортчимиз О.Чусовитина таяниб сакраш баҳсларида энг юқори натижани кўрсатиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Мазкур жаҳон кубоги босқичи жорий йилнинг апрель ойида Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган лицензион мусобақа олдидан ўзига хос тайёргарлик босқчи вазифасини ҳам ўтаб берди. 

Агарда Оксана ушбу лицензион мусобақада ҳам муваффақиятли иштирок этиб, Рио-2016” ўйинларига йўлланма олса, фаолиятидаги еттинчи Олимпиада ўйинларида қатнашиш бахтига муяссар бўлади. 

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматидан маълум қилишларича, Оксана Чусовитина 1992 йили Барселона Олимпиадасидан бошлаб кетма-кет 6 та ўйинларда иштирок этган дунёдаги ягона гимнастикачи ҳисобланади.

“Туркистон-пресс”