2016-04-06 21:54:00

ЙЎЛОВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан аҳолига пуллик транспорт хизмат кўрсатишни тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган қулай шарт-шароитлар ва мазкур соҳадаги ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида видео-семинар бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда автомобилсозлик саноати йилдан-йилга замонавий мезонлар асосида ривожлантирлаётгани натижасида улкан ютуқларга эришилмоқда. Бу эса қўшимча тармоқлар, яъни аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатиш фаолияти тобора ривожланиб бормоқда.

Анжуманда бугунги кунда юртимизда аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатаётган корхоналар сони 2473 тани ташкил этаётгани таъкидланди. Уларнинг тасарруфида 60,7 мингта транспорт воситалари мавжуд бўлиб, шулардан 31,4 мингтаси енгил автомобиллардир. Ушбу корхоналарда 90 мингдан ортиқ ишчи-ходимлар хизмат қилиб келмоқда.

— Транспорт соҳасини, жумладан, автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолиятини тартибга солиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ, ҳар бир автотранспорт воситаси аниқ талабларга жавоб бериши лозимлиги, хусусан, уларда лицензия карточкаси, таксометр, давлат солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтказилган назорат-касса машинаси ва банк пластик карточкаларидан тўловлар қабул қилиш бўйича тўлов терминали билан жиҳозланган бўлиши лозим, — дейди Давлат солиқ қўмитаси ходими Комил Саидов.

Бугунги кунда йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш, автотранспорт воситаларида аҳолига ноқонуний равишда пулли хизмат кўрсатишга барҳам бериш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари томонидан тегишли ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда назорат тадбирларни ўтказилмоқда. Хусусан, 2016 йилнинг ўтган даврида ўтказилган 2775 та назорат тадбирларида 5490 нафар жисмоний шахслар ноқонуний фаолият билан шуғулланаётгани аниқланди.

Мамлакатимизда амалдаги тартиб қоидаларга амал қилмасдан ноқонуний равишда “киракаш”лик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахсларга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 176-моддасига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 100 бараваригача миқдорда маъмурий жаримага тортилиши белгилаб қўйилган.

Семинарда аҳолига пуллик транспорт хизмат кўрсатувчи корхоналар фаолиятида айрим муаммоли масалалар муҳокама қилиниб, ўртага ташланган барча саволларга мутасадди ходимлар батафсил жавоб беришди.

Шаҳзод ТЎРАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири

ЎзА олган сурат.