2016-04-16 11:53:00

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

2016 йил 15 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг I чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини муҳокама қилишга ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан жорий йилнинг 15 январида республика Ҳукумати мажлисида белгилаб берилган 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини баҳолашга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган мамлакатни ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ҳамда иқтисодиётни ва унинг тармоқларини, энг аввало, саноат ва қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш, таркибий қайта ўзгартириш ва модернизациялаш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва янгилаш, хусусий мулкни, тадбиркорлик ва кичик бизнесни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, шунингдек, аҳоли бандлиги ва фаровонлиги даражасини оширишнинг ўртача муддатли дастурларини амалга оширишнинг натижалари кўриб чиқилди ва ҳар томонлама таҳлил қилинди.

2016 йил учун қабул қилинган иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устувор йўналишларини тизимли ва изчил амалга ошириш туфайли глобал иқтисодиётда давом этаётган инқирозли ҳодисаларга ва унинг ривожланиши суръатлари секинлашганлигига қарамай, Ўзбекистонда иқтисодиёт ўсишининг барқарор суръатлари ва макроиқтисодий мутаносиблик таъминланаётганлиги қайд этилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга ўсди. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 6,7 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми 12,8 фоизга кўпайди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади.

Хизматларнинг замонавий турларини, энг аввало, ахборот-коммуникация технологияларига асосланган турларини жадал ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар хизматлар ҳажмларининг 12,1 фоизга ўсишини ва уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2015 йилнинг биринчи чорагидаги 59,3 фоиздан 59,5 фоизгача кўпайишини таъминлади.

Кичик бизнесни рағбатлантириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритиш шарт-шароитларини янада яхшилаш чора-тадбирларини амалга оширишни давом эттириш жорий йилнинг биринчи чорагида кичик бизнеснинг 8,4 мингта ёки 2015 йилнинг шу давридагига қараганда 5,5 фоиз кўп янги субъекти ташкил этилишига кўмаклашди. Йил бошидан бошлаб кичик бизнес субъектларига 3,6 триллион сўм банк кредитлари берилди, ўсиш 2015 йилнинг 1-чорагидагига қараганда 1,3 бараварни ташкил этди.

2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини ошириш дастури доирасида 167,4 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди, улардан 57,7 фоизи қишлоқ жойларда ташкил этилди.

Оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада мустаҳкамлашга, оналар ва болаларни тиббий парвариш қилиш даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тадбирларини фаол амалга ошириш бошланди. Дастур тадбирларини молиялаштиришга жорий йилнинг биринчи чорагида қарийб 1,3 триллион сўм миқдоридаги маблағ йўналтирилди.

Мажлис кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида таркибий қайта ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш, саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш, шу жумладан, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни босқичма-босқич кўпайтириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтириш, республика ҳудудларининг саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш бўйича устувор вазифаларнинг амалга оширилиши ва натижадорлигини батафсил таҳлил қилишга алоҳида эътибор берилди. Ҳозирги вақтда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсишининг қарийб 80 фоизи иқтисодиётнинг қайта ишлаш тармоқлари томонидан таъминланаётганлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг эътибори хомашёни жаҳон бозорида талаб этилган тайёр маҳсулотга чуқур қайта ишлашнинг 3-4 босқичли циклларига ўтишни назарга тутувчи 2020, 2025 ва 2030 йилларга ҳисоблаб чиқилган саноатнинг етакчи тармоқларини ривожлантириш дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишни тугаллашни жадаллаштириш ва тасдиқлаш учун киритиш зарурлигига қаратилди.

Республиканинг бир қанча хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналари, вилоятлари ва туманлари ҳокимликлари раҳбарлари олдига 2016-2020 йилларда мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини, рангли ва нодир металларни чуқур қайта ишлаш тадбирлари ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш ва қабул қилинган мақсадли параметрларга эришиш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳокимликлар ҳузурида янгидан ташкил этилган ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича йиғма бошқармаларнинг самарали ишлашини ташкил этиш, шунингдек, тармоқ тузилмалари билан биргаликда минтақаларнинг саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш, жойларда юқори қўшилган қийматли, шу жумладан, экспортга етказиб бериладиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги юқори технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этишнинг дастурий чора-тадбирларини ишлаб чиқиш юзасидан комплекс қўшимча чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Саноат ишлаб чиқаришини узлуксиз техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган фаол инвестиция сиёсати ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмлари 8,5 фоизга, шу жумладан, хорижий инвестициялар 14,4 фоизга ўсишига кўмаклашганлиги қайд этилди. 2016 йилги Инвестиция дастури доирасида 368 та янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди, улар бўйича қуриш ва реконструкция қилишга пудрат шартномалари белгиланган тартибда тузилган. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотларнинг 37 та янги турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ жойларда намунавий уй-жойлар қуриш лойиҳалари фаол амалга оширилмоқда. Фарғона водийси вилоятларини республиканинг қолган ҳудуди билан тўғридан-тўғри темир йўл қатнови билан бирлаштирадиган янги электрлаштирилган Ангрен-Поп темир йўли қурилиши тугалланмоқда. Самарқанд-Бухоро темир йўлини, йўловчилар ташиш поездларининг юқори тезликда ҳаракатланишини ташкил этган ҳолда, электрлаштириш лойиҳаси жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Замонавий технология бўйича кенг полосали фойдаланишнинг 500 километрдан ортиқ оптик-толали тармоқларини қуриш ва захирага қўйиш амалга оширилди. Қишлоқ турар жой массивларида 13 мингта янги шинам уйлар, ушбу массивларда ижтимоий ва бозор инфратузилмасининг замонавий объектларини қуриш бошланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида қурилиш ишларига ўсиб бораётган талабни ҳисобга олган ҳолда 2016 йилда 400 тадан ортиқ янги, молиявий барқарор ва зарур техника билан жиҳозланган қурилиш ва монтаж ташкилотлари ташкил этишни таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш топширилди.

Мажлисда маҳсулот экспортининг тузилмасини диверсификациялаш ва турларини кенгайтириш, янги ташқи бозорларни ўзлаштириш, шу асосида 2016 йил учун белгиланган экспортнинг прогноз параметрларига эришишни таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини ҳар томонлама таҳлил қилишга алоҳида эътибор берилди. Жаҳон бозорларида талабнинг кескин қисқаришига, кучайиб бораётган ноаниқликка ва қаттиқ рақобатга қарамай, экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш ва маҳсулотларнинг ташқи бозорларга кириб боришини зарур тарзда қўллаб-қувватлаш юзасидан Ўзбекистонда кўрилаётган самарали чора-тадбирлар экспорт ҳажмлари ўсиши тенденциялари ва ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдосини таъминлаётганлиги қайд этилди. Йил бошидан бошлаб олдин ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган 583 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, шунингдек, маҳсулотларнинг 95 та янги турини экспорт қилиш ўзлаштирилди.

Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг эътибори экспортга етказиб беришни кўпайтиришнинг барча мавжуд захираларини аниқлаш ва сафарбар қилиш, янги бозорларни ўзлаштириш, экспорт қилувчи корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, янги ишлаб чиқариш корхоналари, фермер хўжаликлари, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг экспортдаги иштирокини ҳар томонлама рағбатлантириш бўйича комплекс қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг зарурлигига қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан янгидан ташкил этилган “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси ва унга идоравий мансуб ихтисослаштирилган “Ўзагроэкспорт” ташқи савдо компанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги раҳбарлари олдига белгиланган мақсадли параметрларга мувофиқ янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини жорий йилда экспортга етказиб бериш ҳажмлари бўйича ўз вақтида контрактлар тузилишини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.

Вазирлар Маҳкамаси мажлисида акциядорлик жамиятларининг устав капиталларига хорижий инвесторларни жалб этиш ва корпоратив бошқарув, шунингдек, давлат улушлари ва активларини, шу жумладан, “нул” сотиш қиймати билан сотиш ҳисобига давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари амалга оширилиши чуқур таҳлил қилинди. Жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида 178 та давлат активи 216 миллиард сўмга яқин инвестиция мажбуриятлари қабул қилинган ҳолда хусусий мулкка сотилганлиги қайд этилди. Устав фондларида давлат улушлари бўлган акциядорлик жамиятлари сони 2015 йилнинг шу давридаги 378 та ўрнига 209 тагача кисқарди.

Хўжалик бирлашмалари, акциядорлик жамиятлари раҳбарларига Давлат рақобат қўмитаси билан биргаликда 2015 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро инвестиция форумида эришилган аҳдлашувларга мувофиқ давлатнинг ва хўжалик бирлашмаларининг активларини хорижий инвесторларга сотишни тезлаштириш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўриш топширилди. Улар олдига, шунингдек, акциядорлик жамиятларининг устав фондларида хорижий капитал улушини камида 15 фоиз миқдорида таъминлаш мақсадида уларнинг устав фондларига потенциал хорижий инвесторларни фаол жалб этиш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, республика вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналари ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Республика Ҳукуматининг мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларда 2016 йил мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини сўзсиз таъминлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди. 

ЎзА