2016-04-22 14:48:00

ЯНА БИР СПОРТЧИМИЗ “РИО-2016” ЎЙИНЛАРИГА ЙЎЛЛАНМА ОЛДИ

Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Анастасия Сердюкова Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари ўйналаётган мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, “Рио-2016” ўйинларига лицензияни қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Дунёнинг кўплаб етакчи бадиий гимнастикачилари иштирокида ўтаётган ушбу нуфузли мусобақанинг шахсий ҳисобдаги баҳсларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган истеъдодли спортчимиз кучли бешликдан ўрин эгаллади ва тўрт йилликнинг энг йирик спорт мусобақасида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Анастасия Сердюкова лента билан бажариладиган машқда 16.766 очко билан тўртинчи, обручда 16.983 очко билан бешинчи, тўп билан бажариладиган машқда 16.800 очко билан еттинчи ва ниҳоят булавада 16.316 очко билан ўн бешинчи натижани қайд этди ва умумий 66.865 очко жамғарган ҳолда олтинчи ўринни эгаллади.

Мазкур жадвалда Анастасиядан юқори ўринларни эгаллаган беш спортчидан икки нафари аввалроқ XXXI ёзги Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганлиги боис, ўз-ўзидан ҳамюртимиз икки поғона юқорига кўтарилди ва кучли бешликдан ўрин олган спортчилар қаторида “Рио-2016” ўйинларига йўлланма олди. 

“Туркистон-пресс”